Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радиомиз тўлқинлари билан соғ-саломат учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, келинг, бугунги эшиттиришимиз орқали яна руҳий жанг ҳақида суҳбатлашсак. Сабаби, ҳар бир масиҳий биродар кундалик ҳаёти давомида шайтон билан руҳий жанг олиб боради. Шайтоннинг мақсади ҳар биримизга яхши аён. У ҳар бир художўй инсонни гуноҳ қилишга мажбурлайди. Лекин инсон қайси йўлни танлашни ўзи ҳал қилади.
Умуман олганда, гуноҳда инсонни ҳаётини бошқариш учун ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Шайтон эса ўзининг турли хил айёрона усуллари билан бизни гуноҳнинг турли ўргимчак тўрига ўхшаш боши берк кўчага улоқтиради. Лекин яна қайтариб ўтамиз: инсонда ҳар доим танлов ҳуқуқи бор. Масалан, Римликларга мактубининг 6 боби 12 оятида шундай ёзилган: ”Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин, сиз баданларингиз ихтиёрига бўйсуниб кетманглар.”
Тўғри, инсон анча кучсиз мавжудот. Лекин шайтон бизни гуноҳ қилишга мажбурлай олади дегани эмас. Азиз биродар, доимо ёдингизда тутинг: кимга бўйсуниш доимо ўзингизга боғлиқ. Инсон ҳам ўзининг ожизлигига қарамай, шайтон устидан ғалаба қила олади. Гуноҳ инсонларнинг устидан ҳукмронлик қилмаяпти. Лекин шунга қарамай, барча инсонлар гуноҳ билан доимо юзма-юз дуч келмоқда. Инсон доимо гуноҳ билан жанг қилиб келмоқда. Кимдир қайсидир жойда ғалаба қилса, яна кимдир гуноҳнинг қули бўлиб қолмоқда.
Азиз радио тингловчи, агар ҳар бир инсоннинг ҳаётини марҳамат ва муқаддаслик бошқарганида эди, гуноҳ аллақачон йўқ бўлиб кетарди. Худонинг олдида тавба қилиб кечирим олган инсон, энди гуноҳ қуллигидан озод бўлди, деб айта оламиз. Энди у Худонинг кўз ўнгида тоза инсонга айланди. Гуноҳ энди шу инсонга узоқроқдан туриб ҳужум қилишга ҳаракат қилади. Инсон бироз унга бурилиб қараса, ўз йўлидан ва Худованд белгилаб берган чизиқдан четга чиқиб кетиши мумкин. Буни эса “йўлдан адашиш” деб айтишимиз мумкин.
Азиз биродар, бир нарсани аниқ айтишимиз мумкинки, қачондир гуноҳ умуман йўқ бўлиб кетади. Албатта, бу Раббимиз Исо Масиҳ билан учрашганимизда содир бўлади. Римликларга мктубининг 8 боби 18 оятини биргаликда ўқиб кўрсак: “Ўйлайманки, бизга зоҳир бўлажак улуғворлик олдида шу он азоб-ўқубатларни айтиб ўтиш ҳам арзимасдир.” Раббимиз ер юзига қайтиб келиб Ўзига тегишли биродарларини танлаб олганида, барча ёвузликларга чек қўйилади. Чунки Исо Масиҳ гуноҳни енгиб бўлган. Гуноҳ Уни кўрганида қочади. Шунинг учун ҳам Исо Масиҳ билан бирга бўлиш ҳар биримиз учун жуда зарур.
Ҳурматли биродарлар, шу кунлар жуда яқинлашиб қолди, шу кунни кутиб олишга шай турайлик. Ҳурматли радио тингловчи, сиз билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.