3:19

Руҳий ғалаба 11

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар билан фаришталар ҳақида суҳбат қурмоқчимиз. Аслида Карублар бу олий табақадаги жуда қудратли ва жуда чиройли фаришталардир.

Шу ўринда «Каруб» сўзига изоҳ бериб ўтсак. “ Карублар” дегани «улуғлаш, олқишлаш ва сажда қилиш» деган маъноларни билдиради. Ўйлайманки, бу жуда аниқ таъриф, чунки карубларнинг вазифаси ҳар доим Қодир Худони олқишлаш, шарафлаш ва Унинг муқаддаслигини қўриқлашдан иборатдир.

Каруб-қўриқчилари гуноҳкор инсонларни киритмаслик учун Адан боғи дарвозаларини қўриқлаганлар. Ибтидо китобининг 3 боби 24 оятида шу ҳақида ўқиб билиб олишимиз мумкин. Улар шунингдек, Аҳд Сандиғини қоплаб турувчи улуғвор малакларнинг олтиндан ясалган ҳайкалчалари ҳам бўлган. Бу ҳақида эса Эски Аҳд китобининг Чиқиш китоби 25 боби 17 оятдан то 22 оятгача бўлган жойдан ўқишимиз мумкин.

Ҳизқиё пайғамбар ҳам ваҳийда карубларнинг Арши аълода Худо шон-шуҳрати ва улуғворлигида ҳозир бўлганларини кўради. Уларнинг кўриниши ғайритабиий бўлиб, бирининг юзи одамсимон, иккинчисиники арслонники каби, учинчиси эса бузоқ ва тўртинчиси бургутникига ўхшар эди. Карубларнинг ҳар бирида тўрттадан қанот бўлиб, оёқларида бузоқники каби туёқлари бор эди ва мис каби ярақларди.

Ҳизқиё Китобининг 1-бобида улар Худонинг ҳукм кунида Арши аълода ҳозир бўлганликлари ҳақида гапирилади. Серафималар, яъни «оловли, куйдирувчи» деган маънони билдиради. Ишаъё Китобининг 6 боби 3 оятида тасвирланишича, Худо тахтининг атрофини ўраб турадилар. У ерда айтилишига қараганда, серафималарнинг ҳар бирида олтитадан қанот бор эди.

Бу фаришталарнинг бир сўзни уч карра «Муқаддас, муқаддас, муқаддас» деб такрорлаши «Худонинг комил муқаддаслигини тан олиш» деган маънони билдиради. Улар Худонинг муқаддаслигини худди шу тарзда улуғлайдилар. Шунингдек, серафималарнинг бундай эътирофи инсоннинг Худо ҳузурига боришдан ва Унга хизмат қилишдан олдин ҳар қандай гуноҳдан покланиши лозимлигини билдиради.

Фаришталар, албатта, Худованд учун хизмат қиладилар. Шу билан бирга улар биз инсонлар учун ҳам хизмат қилишади. Карублар Худовандга шундай хизмат қиладиларки, Худонинг муқаддаслигини ҳимоя қилган ҳолда Унга хизмат қиладилар. Серафималар эса Худонинг муқаддаслигида бўла туриб, Унинг тахти атрофини ўраб турадилар. Азиз биродарлар, Худованд бизга хизмат қилдириш учун шундай фаришталарни яратгани учун, Отамизга шукуроналар айтайлик. Азиз биродарлар, ўз фикр ва мулоҳазаларингизни бизга ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com Омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top