3:48

Душманимизни севиш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, душманингизга бўлган муносабатингиз қандай? Сиз унга ҳам лаънатлар ўқийсизми ёки душманингиз учун дуолар ўқийсизми? Келинг, биз имонликлар душманларимизга қандай муносабатда бўлишимиз кераклиги ҳақида Раббимиз Исо Масихнинг Ўзидан билиб олсак. Луқо хушхабарининг 6чи бобида ажойиб оятлар битилган. “Лекин сиз, тинглаётганларга айтаман: душманларингизни севинглар, сиздан нафратланганга яхшилик қилинглар. Сизга қарғиш ёғдирганга дуолар ўқинг. Сизга озор берганлар учун ибодат қилинглар. Бир чаккангга урганга иккинчисини ҳам тут. Тўнингни олгандан кўйлагингни ҳам аямагил. Сендан сўраган ҳар кимсага бер, сеникини олгандан қайтариб беришини талаб қилма. Одамлар сизларга қандай муомала қилишларини истасангизлар, сиз ҳам уларга шундай муомалада бўлинг. Агар сизни севганларнигина севсангиз, қандай савоб қилган бўласизлар? Ана, гуноҳкорлар ҳам ўзларини севганларни севадилар.

Агар ўзингизга яхшилик қилганларгагина яхшилик қилсангиз, қандай савоб қилган бўласиз? Ана, гуноҳкорлар ҳам худди шундай қиладилар. Агар сиз қайтариб олишга умид қилиб қарз берсангиз, қандай савоб қилган бўласиз? Ана, гуноҳкорлар ҳам қанча қарзлари бўлса, шунча қайтариб олиш мақсадидагина гуноҳкорларга қарз берадилар. Лекин сиз душманларингизни севинг, яхшилик қилинг, ҳеч нарса тама қилмай қарз беринг. Шунда буюк мукофот олиб, Таолонинг ўғиллари бўласизлар. Чунки Унинг Ўзи ҳам ношукурлар билан ёмон ниятлиларга нисбатан меҳрибон-ку. Шундай қилиб, Отангиз раҳмдил бўлгани каби, сизлар ҳам раҳмдил бўлинглар”.

Ха, бу Раббимиз Исо Масихнинг севгисидан далолат беради. Бизчи азизлар, биз хам худди шундай хаёт кечиряпмизми? Биз хам бизни лаънатлаганлар учун дуолар ўқиймизми? Ёки бизга қарғиш ёғдирган кимса учун ибодат қиламизми? Бу ҳақда ўйлаб кўринг. Азизлар, бугунги ибодатимни айнан шу мавзуга бағишлайман.

Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки бир кишининг ибодатидан кўра икки ёки кўпроқ одамларнинг бирга қилган ибодати кўпроқ кучга эгадир. Энг муҳими, имон билан ибодат қилинса бас. Осмондаги Отажон, бизларни ибодатга чақирганинг нақадар ажойибдир. Худойим, севгинг ичра хаёт кечиришдан афзал туйғу бўлмаса керак. Худойим, бизни хам севишга ўргат. Бизга хам ўзимизни эмас, аксинча кўпроқ душманларимизни севишга ўргат. Биздан нафратланганга яхшилик қилишимизга ёрдам бергин. Бизга қарғиш ёғдирганга дуолар ўқийлик. Бир чаккамизга урганга иккинчисини хам тутайлик. Биздан сўраган хар кимсага берайлик, олганлардан талаб қилмайлик. Худойим, биз ношукур ва ёмон ниятлиларга мехрибон бўлайлик. Уларни қарғишнинг ўрнига нажотинг ҳақида хабар қилайлик. Хеч қандай ғурур ёки манманлик бизга ҳоким бўлмасин, аксинча, фақат Сенинг севгинг биз аро маскан қилсин. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик, Сенинг севгинг булоқ суви каби ичимиздан отилиб чиқсин. Юрагимиздаги севгимиз орқали одамлар Сен Буюк Тангрининг исмини улуғласинлар. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Бордию сизда хам ибодат эхтиёжлари бўлса, бизга бу хақда хабар қилинг, биз сиз учун ибодат қиламиз. Исмингиз эфирга узатлимайди, бу ҳақда асло ҳавотир олманг. Хабар йўллаш учун dilkash@najot.com электрон манзилидан ёки www.najot.com сайтидан фойдаланинг. Хайир, омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top