Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, сиз нажот топганмисиз? Сиз ҳам Раббимиз Исони ҳаётингизга таклиф қилганмисиз? Сиз ҳам Раббимиз Исо Масиҳга умид боғладингизми? Агар шундай бўлса, мен сизларни муборакбот этаман. Чунки, нажот топган одам энди озоддир, яъни гуноҳ ҳокимиятидан қутулгандир. Ҳаётимиз энди бошқа, ҳаётимиз энди Масиҳга тегишли. Шундай экан, олдинда бизни қизиқарли ҳаёт кутмоқда. Саргузаштга тўла ҳаёт кутмоқда. Ушб саргузашт ҳаётдан азоб чекишлар ҳам ўрин олиши муқаррар. Келинг, ҳаворий азоб чекиш ҳақида нима деганини кўриб чиқсак. Бутруснинг биринчи мактубининг учинчи бобига назар ташлаймиз. Агар Худонинг иродаси билан азоб чекишингиз лозим бўлса, ёмонлик қилиб азоб чекишдан кўра, яхшилик қилиб азоб чекиш афзалдир. Чунки Масиҳ ҳам бизни Худога яқинлаштириш ва гуноҳларимизни ювиш учун бир марта азоб чекиб, ўлди.
Ўзи солиҳ киши бўлгани ҳолда, гуноҳкорлар учун қурбон бўлди. Унинг баданини ўлдиришган бўлса-да, Руҳи тирилди. Масиҳнинг Руҳи эса бориб, зиндонга қамалган руҳларга ваъз айтди. Булар қадим замонда, Нуҳ пайғамбар ўз кемасини қураётган замонда Худонинг сабрини инобатга олмай, итоатсиз бўлган эдилар. Ўша кемадан оз киши, яъни саккиз жонгина сувдан ўтиб қутулган эдилар. Мана шу сув – ҳозирги сувда имон келтириш маросимининг тимсолидир. Бу маросимнинг маъноси баданни кирдан тозалаш эмас, балки Худодан пок виждонни сўрашдир. Сизлар ҳам сувга чўмиб имон келтирганингизда, Исо Масиҳнинг тирилиши туфайли нажот топдингизлар. Масиҳ эса осмонга чиқиб, Худонинг ўнг томонида ўтириб, фаришталар ва коинотдаги барча куч-қудратлар устидан ҳокимият ўрнатди. Ажойиб оятлар. Азизлар, бугунги ибодатимни айнан шу мавзуга қаратмоқчиман.
Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Осмондаги Отажон, бизга нажот берганинг учун раҳмат. Бизни гуноҳдан пок қилиб, фарзандинг қилганинг учун чексиз маннатдормиз. Биз энди иблис дунёсига, латта-путтадан иборат алдамчи дунёга тегишли эмасмиз, аксинча, Масиҳнинг азоблари ва ўлими орқали биз Сен томонга ўтдик. Ҳаётларимиз энди фақат сенга тегишлидир. Қаерда бўлмайлик нима қилмайлик, дойим Сен муқаддас ҳақингда шаҳодатлик қилайлик. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик дойим Сенинг иноятингни намойиш этайлик. Отажон, агар Сенинг ироданг билан азоб чекишимиз лозим бўлса, ёмонлик қилиб азоб чекишдан кўра, яхшилик қилиб азоб чекишимиз афзалдир. Чунки Масиҳ бизни Сенга яқинлаштириш ва гуноҳларимизни ювиш учун бир марта азоб чекиб ўлди. Худойим, бизни солиҳ инсонларга айлантир. Худойим, бунинг энди иложиси бор.
Чунки қалбимизда Масиҳ ҳукмронлик қилмоқда. Энди ҳаётимиз Масиҳга тегишлидир. Чунки У орқали нажот топиб Сен тирик Худо билан ярашиб олдик. Худойим, қилган қурбонлигинг ажойибдир. Сенинг севгинг чексиз эканини намойиш этдинг. Худойим, Масиҳнинг йўлида азоб чекиш учун бизга Муқаддас Руҳингни бер. Руҳинг биз орқали мўжизалар кўрсатиб номингни улуғласин. Сенинг Муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Барча ибодат эҳтиёжларингизни dilkash@najot.com манзилига йўлланг, ёки www.najot.com сайтида ҳабар қолдиринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин. Хайир, омон бўлинг.