3:32

Янги ҳаётда яшаш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодат дастурига хуш келибсиз. Азизлар, нажот сўзи одамда ҳар ҳил туйғуни келиб чиқаради. Лекин биз имонликлар, яъни ҳаётларини Раббимиз Исо Масиҳга топширганлар учун, нажот сўзи ҳаётдаги энг муҳим нарсани англатади. Биз энди бу дунёга эмас, аксинча тирик Таолога тегишлимиз. Биз шайтон хокимятидан қиммат баҳога сотиб олинганмиз. Энди борлиғимиз фақат Худога тегишли. Янги ҳаётимиз нақадар ажойиб! Чунки биз Раббимиз Масиҳ орқали Худо билан ярашиб олдик. Янги ҳаётда яшасак ҳам, баъзан эски ҳаётимиз одатлари бизга тўсқинлик қилиши мумкин. Бу табиий, чунки биз инсонмиз. Янги ҳаётда яшашни сиз қандай амалга оширасиз? Келинг, янги ҳаётимизда қандай яшаш кераклиги ҳақида ҳаворий айтган оятларни кўриб чиқсак. Эфесликларга йўлланган мактубнинг тўртинчи бобида қуйдаги оятлар битилган.

Шундай қилиб, ёлғонни рад этиб, ҳар бирингиз ўз биродарингиз билан ҳақиқатни гаплашинглар. Чунки биз бир-биримизга тананинг аъзоларидаймиз. Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар. Иблисга фурсат берманглар. Ўғрилик қилган киши бошқа ўғрилик қилмасин. Балки яхши ишлаб, ўз қўллари билан меҳнат қилиб, муҳтож бўлганларга ҳам бирор нарса берсин.

Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин эҳтиёжга кўра, тингловчиларнинг жонига ора кирадиган яхши сўзлар гапиринглар. Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар; сизлар нажот кунигача ўша Руҳ билан муҳрлангансизлар. Ҳар қандай ёмон ният ва гина-кудурат, ҳар қандай қаҳру жаҳл, нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар. Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар.

Азизлар, бугун айнан шу мавзуга ибодатни бағишламоқчиман. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг, чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Бордию ҳали ибодат қилишни билмасангиз, ҳавотир олманг, бемалол кетимдан қайтаринг. Осмондаги Отажон, берган нажотинг учун рахмат. Бизни гуноҳдан сотиб олганинг учун миннатдормиз. Худойим, ушбу янги ҳаётда ҳаёт кечиришни бизга ўргат. Ёлғонни рад этиб, биродарларимиз билан ҳақиқатни гаплашайлик. Ғазабланиб гуноҳ қилиб қўймайлик. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтишни бизга ўргат. Ҳеч бир ҳаракатимиз билан, ҳеч бир сўзимиз билан иблисга фурсат бермайлик. Ўғрилик қилганлар бошқа ўғрилик қилмасин, аксинча, пешона тери билан, қўллари билан ҳалол меҳнат қилсин. Худойим, оғзимиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Аксинча, оғзимиздан фақат ибодат ва шукрона сўзлари чиқсин.

Одамлар билан муоамала қилганда, уларнинг жонига ора кирадиган яхши сўзларни гапиришга ўргат. Ҳар қандай ёмон ният ва гина-кудурат, ҳар қандай қаҳру жаҳл, нолиш ва ғийбатчиликни ўзимиздан соқит қилайлик. Худойим, бир-биримизга кўнгилчан ва меҳр-шавқатли бўлишни ўргат. Худо бизни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, бизлар ҳам бир-биримизни кечирайлик. Сенинг муқаддас Руҳинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтида ҳабар қолдиринг. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти сизга ёр бўлсин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top