Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, сиз кимга тегишлисиз? Сиз ҳам мен каби ҳаётингизни Худонинг муқаддас қўлларига топширганмисиз? Сиз ҳам, Худонинг Масиҳини, Унинг нажотини қабул қилганмисиз? Ундай бўлса, сиз ҳам, энди дунёга эмас, аксинча, Худонинг буюк Шоҳлигига тегишлисиз. Чунки Худо бизларни қутқариш учун Масиҳни хочга михланиши учун юборди. Уни қабул қилган энди маҳкум бўлмайди. Ҳаётимиз энди бутунлай бошқача. Илгариги ҳаётимиз Масиҳ билан бирга ўлди. Биз янги ҳаётга кириб келган эканмиз, юриш туришимизда, феъл атворимизда Худонинг Руҳи ўз таъсирини кўрсатаятгани намоён бўлади. Биз энди фақат яхшилик қиламиз. Яхшилик қилишдан безмаймиз. Келинг, Худонинг Каломи бу ҳақда нима дейишини кўриб чиқсак. Ҳаворий Павлус Галатияликларга ёзган мактубининг 6чи бобида шундай оятларни келтирган.
Эй, Руҳ амри билан яшаётган биродарларим, агар бирон одам гуноҳ қилиб қўйса, уни мулойим руҳ билан тузатинглар. Унга ўхшаб васвасага йўлиқмаслигингиз учун ўзингизга эҳтиёт бўлинг. Бир-бирингизнинг оғирликларингизга ёрдамлашинглар, шундай қилиб Масиҳнинг Қонунини бажарган бўласизлар. Агар бирор киши, гарчи ҳеч нарса бўлмаса ҳам, ўзини муҳим киши ҳисобласа, у ўз-ўзини алдаган бўлади. Ҳар ким ўз ишини муҳокама қилсин, шунда бошқанинг ишига қараб эмас, ўз ишига қараб таҳсин олади. Зотан ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим. Илоҳий Каломдан таълим олувчи таълим берувчи билан ҳар қандай эзгуликни баҳам кўрсин.
Адашманглар, Худо ҳақоратланмайди. Инсон нима экса, шуни ўради. Ўз нафси даласига уруғ экса, нафсдан завол ўриб олади. Руҳ даласига уруғ экса, Руҳдан абадий ҳаёт ўриб олади. Шундай экан, яхшилик қилишдан безмайлик. Агар бўшашмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз. Фурсатимиз бор экан, ҳаммага, айниқса, ўзимизнинг аҳли мўминга яхшилик қилаверайлик.
Азизлар, хозир мен шундай ҳаётга эга бўлиш учун, яъни яхшилик қилишдан безмаслик учун ибодат қиламан. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг. Азиз Отажон, берган нажотинг бебаҳодир. Энди бизни Сен муқаддасдан ҳеч нарса ажрата олмайди. Сен нафақат бизнинг Худойимиз, балки, севувчи Отамизга айландинг. Биз энди Сенинг қулларинг каби эмас, балки, Сенинг севикли фарзандларинга айландик. Худойим, биз энди биргамиз. Барча Сенинг нажотингни қабул қилганлар билан бир танамиз. Бир биримизнинг оғирликларимизни осон қилишга жон куйдирайлик. Бизга Масиҳнинг қонунини бажаришга ёрдам бер. Худойим, бизга Руҳ даласига уруғ экишни ўргат. Ушбу Руҳ даласидан ҳаёт ҳосилини териб олишга ёрдам бер. Бунинг учун биз яхшилик қилишдан безмаслигимиз керак. Худойим, Сендан шуни сўраймиз. Бизнинг ҳаётимизни шу қадар ўзгартириб юборгинки, яхшилик қилишдан безмайлик. Бўшашмасдан, аксинча, жасурлик ва бор жахдимиз билан Сенга хизмат қилайлик. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.