3:23

Жамоатдагиларнинг хаммаси шогирд ортиришда иштирок этиши керак

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Азизлар, шогирд ортиришни ким амалга ошириши керак деб ўйлайсиз? Бу ишни фақат Худо томондан махсус мойланган кишилар ёки руҳонийлар қила олади, деб ўйлаган одам янглишади. Ўша киши Худо унга ато қилган инъомлардан бехабар бўлса керак ва Худонинг Номини одамларга танитиш имонлиларнинг зиммасида эканлигини билмаса керак. Имонлилар ўз қудрати билан бу вазифани бажара олишмайди, аммо Муқаддас Руҳ ёрдамида, Худо бизга берган инъомларни ишлатган ҳолда одамларга таъсир қилиб, уларнинг ҳаётларини ўзгартира оламиз. Колосаликларга йўллаган мактубнинг 15чи ва 16чи оятларда Павлус жамоатнинг уйғунлиги, бирдамликда иш олиб бориши ҳақида ёзишни давом этади. Жамоат Масиҳнинг баданидир. Бутун бадан алоҳида-алоҳида ҳаётий паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланиб бириккан. Ҳар бир бадан аъзоси ўз вазифасини бажаради, натижада бадан ўсиб-улғаяди.

Павлус шу мавзуни “1чи Коринфликларга йўллаган мактубининг 12чи бобида давом этади. Модомики ҳамма инъомлар Муқаддас Руҳдан экан, баданнинг ҳамма аъзолари тенг. Уларнинг орасидан биронтасини бошқасидан устун қўйишимиз мумкин эмас. Воизлик қилаётганлар муаллимлик инъомини олмаган бошқа биродарлар ҳақида “Булар мураббийлик қила олишмайди, бу ишда улар бизга ҳеч қандай ёрдам бера олишмайди.” деб айтишлари мумкин эмас. Аслида, кўзга кўринмайдиган инъомлар, мадаррислик каби кўзга ташланадиган инъомларга қараганида кўпроқ эътиборга лойиқдир. Кўпинча биз “махсус инъом” олганларни ва ўқитиш, мўжизалар кўрсатиш қобилиятига эга бўлган биродарларимизни кўп мақтаймиз. Жамоатларда эътиборсиз бир иш билан шуғулланганларнинг эса қадрига етмаймиз. Мураббийлик иши учун Муқаддас Руҳ берган ҳамма инъомлар фойдалидир. Жамоатдаги ҳар бир одам бу ишга ўз ҳиссасини қўшиши шарт, шундагина шогирдлар имонда улғаиб, бутун жамоат мустаҳкам бўлади.

Бордию, биронта масиҳий: “Мени кечирасизлар–у, аммо мураббийлик ишида сизларга ҳеч қандай ёрдам беролмайман”, дейдиган бўлса, унда бутун жамоат зарар кўради, чунки баданнинг бир аъзоси ўз вазифасини бажаришдан бош тортган бўлади. Биз ҳаммамиз Худога итоат қилишимиз ва У берган инъомлар билан жамоатимизда ва жамоатдан ташқарида хизмат қилишимиз шарт. Бундан ҳеч ким истисно эмас. Агар жамоатдаги ҳамма аъзолар фақатгина муаллимлик ва пайғамбарлик қилиш инъомларини олган бўлсалар–да унда жамоат заиф, хаста бўлади. Ундай жамоат дунёдаги одамларга таълим беришга ожиз бўлиб, ҳеч қандай самарага эришмайди. Шунга қўшимча қилиб айтмоқчи эдимки, Павлус Колосалик биродарлари учун ибодат қилганида, Колосадаги жамоат ўсиб, самарали бўлишини хоҳлаган эди. Биринчи бобнинг 9чи 12чи оятларда, ушбу жамоат учун Павлус Худодан илоҳий ҳикмат ва фаҳм-идрокни тилаб сўрайди. Сўнг сўзида давом этиб: “Раббингизга муносиб яшаб, Уни ҳар жиҳатдан мамнун қилинглар… Чунки У Ўз азизларига ваъда қилган нурли меросдан бизни баҳраманд қилди.” — деб айтади. Мураббиликнинг моҳиятини англаб етмай, аъзоларнинг руҳий ўсишига эътибор бермаган жамоат, аста–секин ўз кучини йўқотиб бориб, охири нобут бўлади. Бундай жамоат Худонинг Шоҳлиги учун самарасиз ва бефойда бўлади. Хайир азизлар, Раббимизга бўлган хизматингиз серхосил бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top