Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳаётда инсоннинг бошига нимаики келмасин, кўп ҳолларда бунга унинг ўзи сабабчи бўлади. «Менинг шундай тубанликка тушиб кетишимга у ёки бу нарса сабаб бўлди», деб оқлаш оқил инсоннинг иши эмас. Ҳаётда қандай қийинчилик бўлмасин, уни яхшилик билан ҳал қилиш мумкин. Бу воқеадан яхши хулоса чиқариб олиш, Худованддан ёрдам сўраш мумкин. Баъзилар ҳаётига келадиган қийинчиликни Худонинг ёрдами билан енгади. Уни қабул қилиб, шу қийинчиликдан Худованд билан бирга ўтади. Бошқалар эса қийинчиликни қабул қилишни истамай, Худодан ва атрофидагилардан жаҳли чиқиб, Худонинг мақсадини тушунишни истамайди. Шундан сўнг Худони билган ҳолда тубанликка юз тутади.
Narrator 2 Тўғри фикрлашни истамайдиган одам тўғри фикрламайди. Худонинг ҳақиқатини билишга ҳаракат қилмаган одам уни қабул қила олмайди. Шундай бўлгач, имонлиман деб туриб, турли номақбул ишларни қилади. Мана шундай кишиларга Худованд Сардис шаҳридаги жамоатга айтган сўзлари орқали шундай дейди: «…Сенинг ишларингни биламан. Сенинг гўё тирик деган номинг бор, аммо ўликсан. Бедор бўл! Ўлишга юз тутмаган ниманг қолган бўлса, тузатиб қўй. Сенинг ишларинг Худойим олдида тугал эмаслигини аниқладим. Нима эшитган ва қабул қилган бўлсанг, эслаб амалга ошир ва тавба қил. Агар бедор бўлмасанг, Мен ўғридай босиб келаман, сен эса қайси соатда сени босиб олишимни билмайсан. Бироқ Сардисда ўз кийимларини булғатмаган бир неча одамларинг бор. Улар Мен билан бирга оқ кийимда юрадилар. Улар бунга лойиқдирлар» (Ваҳ 3: 1-4).
Narrator 1 Яна Сардис шаҳридаги жамоатни бир одам деб тасаввур қиламиз. У аввалига Худовандни кучли иштиёқ, хурсандчилик билан қабул қилган. Бироқ унинг гуноҳга мойиллиги Худо йўлида орттирган яхши сифатларини ҳам бўғиб ўлдирмоқда. Худованд бу одамга қараб «бедор бўл», дейди. У одам руҳан ўлик ҳисобида. У деярли руҳий ҳаётда яшамайди. Бироқ ҳали бутунлай йўқ бўлиб кетмаган, Худога маъқул келадиган яхши сифатлари ҳам бор. Шундай сифатлари ҳақида Худованд шундай дейди: «Ўлишга юз тутмаган ниманг қолган бўлса, тузатиб қўй». Бундан ташқари унинг ишлари тугалланмаган. Худованд йўлида бошлаган ишлари ўлда-жўлда ётибди. Худованд ундан мана шу ишларни тугаллаб қўйишини истайди.
Narrator 2 Худованд руҳий ҳаётда яшамайдиган кишиларга ҳам имкон беради. Уларни бедор бўлишга, яхши ишларини, сифатларини тиклашига, Худованд йўлида бир пайтлар бошлаган ишларини тугаллаб қўйишига имкон беради. У бундай одамни жазолашдан олдин огоҳлантиради. У ҳозир ҳам Калом орқали бизга «Бедор бўл. Агар бедор бўлмасанг, Мен ўғридай бостириб келаман, сен эса қайси соатда сени босиб олишимни билмайсан.» демоқда. (Ваҳ 3:3). Агар Худодан эшитган ва қабул қилган нарсаларимизни аввалги ҳолига келтира олсак, ўлим кетаётган яхши сифатларимизни тиклай олсак, ичимизда яшаётган ёвузликка қарши тура олсак, Худованд бизга шундай дейди: «Кимки ғолиб келса, шундай оқ кийим кияди. Мен унинг номини ҳаёт китобидан ўчирмайман, Отам Худо ва Унинг фаришталари олдида унинг номини тан оламан» (Ваҳ 3:5).