MP3

Narrator 1 Агар сиз: “Ҳа, мен хушхабардаги гапларга қўшиламан. Имонлиларга дўстман. Китобдаги сўзлар одамлар учун, жамият учун фойдали. Лекин мен шахсан Масиҳга хизмат қилмайман. Холис шахсман”, деб айтсангиз, адашасиз. Чунки бу ерда холис бўлишнинг иложи йўқ. “Ким мен билан бўлмаса, менга қарши”. Кимки озодликка чиқмаган бўлса, у ҳали ҳам шайтон ҳокимияти остида. Шайтоннинг қўл остида. Сиз – ё Худонинг бандасисиз ё шайтоннинг. Ўртада бошқа йўл йўқ. Масиҳ келиб, дунёни иккига бўлди. Одамларни икки гуруҳга ажратди. Бир гуруҳ одамлар Масиҳни қабул қилган, Масиҳ билан бирга. Масиҳни севади ва Аллоҳнинг хизматида. Иккинчи гуруҳ одамлар эса Масиҳга қарши. Оятда ёзилганидек, ким “мен билан бўлмаса, демак менга қарши”. Баъзилар айтиши мумкин: “Мен унда имонли бўлишни хоҳлайман. Жамоага қўшиламан, яхши ишлар қиламан, лекин ўз ҳаётимни ўзим бошқаргим келади.”.

Narrator 2 Бунинг ҳам иложи йўқ. “Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади”. Бу нима дегани? Сиз Масиҳ билан биргамисиз ё бирга эмасмисиз? Қандай билишингиз мумкин? Ҳазрати Исо Масиҳ бу дунёга Худонинг фарзандларини бирлаштириш учун, “йиғиш” учун келган. У кишининг таъсири, таълимоти имонлиларни бирлаштиради, юракларни бир-бирига боғлайди. Оилаларни яраштиради, одамларни бир-бирлари билан ҳамжиҳатликда, дўстликда яшашга ундайди. Миллатлар орасидаги душманликлар йўқолади, меҳр-муҳаббат кучаяди. Буларнинг ҳаммасини биз “бирлаштириш” ёки “йиғиш” деб атаймиз. Унда “ажратиш” ёки “сочиш” нима? Нима одамларни бир-биридан ажратади? Худбинлик эмасми? Ҳа, ҳаётда одамларни бир-бирига энг кўп душман қиладиган нарса – худбинлик. Ҳар ким ўз манфаатини биринчи ўринга қўйса, ўртада ажралишлар, бўлинишлар юзага келади.

Narrator 1 Шу сабабдан мен сиздан бундай деб сўрамоқчиман: сиз қандай яшаяпсиз? Бериш учун яшаяпсизми, ё олиш учун? Сиз Масиҳ билан биргамисиз ё У кишига қаршимисиз? Инсонларни Масиҳ учун йиғаяпсизми ё сочяпсизми? Одамларни бирлаштиряпсизми ёки бўляпсизми? Бир-бирига меҳрини оширяпсизми ёки уриштиряпсизми? Ўз оилангизда қандайсиз? Мана, мен имонлиман, деб айтасиз, яхши. Фарзандларингизга ибрат бўла оляпсизми? Уларни Худога яқинлаштиряпсизми? Ёки узоқлаштиряпсизми? Сизнинг кимлигингиз ана шу мисолдан ҳам яққол маълум бўлади. Аллоҳни севаман, деган одам бошқаларга яхши таъсир кўрсатади. Яхши дарахт яхши мева беради. Бугунги суҳбатимизни шу билан якунлаймиз. Ҳар бирингиз ўзингиздан: “Мен ғалабада яшаяпманми ёки шайтоннинг қулиманми?” деб сўранг. Биз ўз-ўзимизга ёрдам бера олмаймиз.

Narrator 2 Инсон озод эмас. У фақат муайян чегараларда қарор қабул қила олади. Каломда ёзилишича, инсон – ёвуз кучлар қурбони. Ёмонлик инсонни ўз назорати остида ушлаб турибди. Ўй-фикрларини ҳам, қилаётган ишларини ҳам бошқаряпти. То бу ёвуз кучлар парчаланмас экан, инсон озодликка чиқа олмайди. То кучу қудрат Соҳибини қабул қилмас экан, бу ёвуз кучлар парчаланмайди. Ҳазрати Масиҳ эса шайтоннинг ишларини бузиш учун келганлар. Раббимиз кечлигини тановул қилишнинг ҳам маъноси шу. Ҳазрати Масиҳ танасининг рамзи бўлган нонни еймиз. Косадан ичамиз. Лекин кечликда иштирок этиб туриб, шайтонга қул бўлиб юраверсак, Худога қарши иш қилган бўламиз. Ахир Масиҳ сизни озод қилиш учун келган. Шайтоннинг занжирларини узиш учун келган. Зулматдан нурга олиб чиқиш учун келган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top