MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугунги суҳбатимиз Пинхос деган киши ҳақида бўлади. Йўқ, йўқ, бу сиз ўйлаган руҳоний Элаҳнинг ярамас ўғли Пинхос эмас. Бу Пинхос Мусонинг акаси Хоруннинг набираси бўлади. Хўш, бу Хоруннинг набираси Пинхос ҳақида нима биламиз? Мусо ҳақида биламиз, акаси Хорун ҳақида биламиз, аммо унинг ўғли ёки набираси ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Худованд Ҳорунни ва унинг ўғилларини Муқаддас Чодирга руҳоний қилиб тайинлаган эди. Уларнинг чекига ҳеч қандай ер тушмаган эди. Улар бирор бир ерга эга бўлмай, Худонинг маъбадида хизмат қилишарди. Хорун авлоди истаган ерида яшаб, Худога хизмат қилиши мумкин эди. Ëшуа ҳалққа бошчилик қилаётган пайтда Хоруннинг ўғли Элазар Муқаддас Чодирда руҳонийлик вазифасини ўтарди.

Narrator 2 Элазар эса Пинхоснинг отаси эди. Ëшуа билан Элазар ўлиб кетгач, ҳалқни бошқарадиган одам қолмади. Пинхос халқни бошқарадиган қобилиятга эга бўлмаган шекилли. Фикримизча, аслида халқнинг муқаддаслигига жон куйдириш, уларни гуноҳлардан қайтариш руҳонийнинг иши. Аммо Пинҳос бу ишга жон куйдирмаган кўринади. Муқаддас Каломнинг ҳеч бир жойида Пинҳоснинг халқни гуноҳдан қайтариш учун қилган ҳаракатини кўрмаймиз. Калом Пинхос ҳақида шундай дейди: «Ҳорун ўғли Элазар ҳам вафот этди. Элазарнинг ўғли Пинхосга Эфрайим қирларидаги Гиво шаҳри улуш қилиб берилган эди. Элазар ўша ерга дафн қилинди» (Ëшуа 24:33). Демак Пинхос Гиво шаҳрида руҳонийлик қилган.

Narrator 1 Агар у ўз вазифасини яхши бажарган бўлганида, одамларни гуноҳдан қайтариш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилганида гиволиклар бунчалик тубанлашиб кетмаган бўларди. Гиво аҳолисининг қилган гуноҳи уларнинг руҳонийси қандайлигини кўрсатади. У ҳам худди Еремия пайғамбар каби ўз халқи учун Худога илтижо қилса бўларди. Балки илтижо қилгандир, аммо Калом бу ҳақида ҳеч нарса демайди. Таҳминимизча, Пинҳос «оч қорним-тинч қулоғим», ёки «сен менга тегма, мен сенга тегмайман», дейдиган одамлар сирасига киради. У руҳоний сифатида кўзга кўринадиган ишлар қилганида, Калом ҳам бу ҳақида айтган бўларди. У ҳалқи учун қайғуриб, Худонинг келажак жазосидан қутқариб қолганида, халқ бундай жирканчли гуноҳга қўл урмасди, балки.

Narrator 2 Нима бўлганда ҳам Каломда унинг қилган ишлари ёзилмаган. Шунчаки унинг Гивода – Байтилда руҳонийлик вазифасини ўташи ҳақида ёзилган ҳолос. Калом шундай дейди: «Шунда Исроил лашкарлари Байтилга қайтиб, йиғи-сиғи қилишди. Улар ўша куни кечгача Эгамизнинг ҳузурида ўтириб рўза тутишди. Эгамиз ҳузурида куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини келтиришди. Худонинг Аҳд сандиғи ўша ерда – Байтилда эди. Элазар ўғли Пинхос эса Аҳд сандиғи ёнида ўз хизматини адо этарди. Пинхос Ҳоруннинг набираси эди» (Ҳак 20:26-28). Калом Пинхос ҳақида «ўз вазифасини адо этарди», — дейди. Руҳонийнинг вазифаси Аҳд сандиғига кўз-қулоқ бўлиш, маъбадда қурбонликлар қилиш, халқ билан Худо ўртасида воситачилик қилиш эди. Бироқ у халқни тўғри йўлга бошлаш, Худога қайтариш борасида ҳеч бир иш қилмаган. Мана шу унинг хатоси эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top