Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Худо билан муносабатда бўлиб келаётган одам, У билан бирга юриш, Руҳий ҳаёт кечириш қандайлигини яхши билади. Бу йўлда юришга анча тажрибаси ошиб қолгач эса Худонинг иродасини, Унинг нима қилмоқчи бўлаётганини қисман тушунадиган бўлиб қолади. Бироқ ҳали Худонинг йўлида юришга тажрибасиз одам қийинчиликлар келганида Худди Зорафатлик бева каби иш тутади. Ўша бева қандай йўл тутибди дейсизми? Келинг, у ҳақида айтиб бераман.
Сидондаги Зорафат шаҳрида бир бева аёл яшарди. Бир куни Худованд Ўзининг одамини унинг олдига юборди. У аввалдан Худога ишонармиди йўқми билмадим, аммо Худонинг одами унинг уйига келгач, унинг Худо ҳақидаги айтган сўзларига ишонди. Худонинг одами -Илёс пайғамбарни то қурғоқчилик тугамагунча боқди. Худованд шу бева аёлнинг хонадонига барака берди.
Narrator 2 Худованд Илёсни Зорафатлик беванинг олдига юборганида у жуда қийин аҳволда қолганди. Рўзғорида егулиги деярли тамом бўлганди. У охирги бир ховуч ун билан бироз ёғни ўғли иккиси пишириб еб, кейин ўлишини кутишга тайёр ҳолда турган эди. Бироқ Худонинг одами келгач, яна ҳам қийин ҳолатга тушиб қолди. Илёс ундан охирги егулигини беришни сўради. Нима қилсин, Худонинг одамининг гапларига ишониб охирги егулигини берсинми ёки йўқ. Унинг олдида Худога ишониш ва ишонмаслик йўли турарди. У биринчи йўлни – Худога ишониш йўлини танлади ва адашмади. То қурғоқчилик тугамагунча аёлнинг уйида егулик тугамади. У Худонинг улуғлигига ишонч ҳосил қилди. Бироқ кўп ўтмай, яна имони синалишига тўғри келди. Бу аёлни тушунаман. Имон синалиши енгил кечмайди.
Narrator 1 Кўп ҳолларда имонимиз синалиши оғриқли, ички қарама-қаршиликларга бой бўлади. Аёл ҳам шундай ҳолатга тушди. Худонинг мўъжизасини, қудратини кўришга улгурган, бироқ Худога ишончи бўлган аёл яна синалди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Орадан бир қанча вақт ўтгач, хонадон соҳибаси – аёлнинг ўғли касал бўлиб қолди. У шунчалик оғир дардга йўлиқдики, охири жон берди.» (3 Шоҳ 17:17). Калом аёлнинг ўғли ўлар даражадаги оғир касалликка йўлиқди, дейди. Бу қандай касаллик бўлиши мумкин? Калом бу касалликнинг номини айтмайди. Бироқ аёл боласи бетоб бўлиб қолганидан то ўлар ҳолатга келгунча Худога ибодат қилишдан тўхтамагани аниқ. У ичида Худо билан баҳслашган, Унга минглаб саволлар берган бўлиши мумкин. Аммо болакай ўлди. Аёл ишончсизлик остонасидан туриб қолди.
Narrator 2 У Илёсга шундай деди: «- Мендан нима истайсиз, эй Худонинг одами? Сиз гуноҳларимни Худога эслатгани ва ўғлимнинг ўлимига сабабчи бўлгани келибсиз-да?!» (3 Шоҳ 17:18). Аёл энди ўғлининг ўлимида Илёсни айблай бошлади. У Худонинг иродасини бошқача тушунди. Худонинг унинг ҳаёлига ҳам келмаган ажойиб режаси борлигини у тушунмасди. Кейинги воқеалар қандай кечганини биласизми? «Илёс аёлга: «Менга беринг ўғлингизни!»- деб болани аёлнинг қучоғидан олди, уни ўзи истиқомат қиладиган болохонага олиб чиқиб, тўшакка ётқизди. Сўнгра Эгамизга хитоб қилди…» (3 Шоҳ 17:19-20). Худованд Илёснинг илтижосини эшитди. У болага қайта жон ато этиб тирилтирди. Бошиданоқ Худованднинг режаси шу эди. Охирги егулик билан умидсиз ўтирган аёлга умид бериб, имонини мустаҳкамлаш эди. Худо бу ишнинг уддасидан чиқди.