MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Исо Масиҳ даврида жуда кўп уламолар халққа Эски Ахддан таълим бериб, Худонинг амрларига амал қилишга ўргатишарди. Исо Масиҳ даврида жуда кўп уламолар Масиҳнинг янгича таълимотига қарши бўлишган, бироқ Исо Масиҳнинг фикрини қўллаб қувватлайдиган, уни қабул қилган уламолар ҳам бор эди. Улардан бири Никодим ҳақида жуда яхши биласиз. Бугун Никодим ҳақида эмас, номи Муқаддас Каломда зикр этилмаган, бизга нотаниш бир уламо ҳақида суҳбатлашишни маъқул кўрдик. Ҳаётда турли инсонлар билан учрашишга, суҳбатлашишга тўғри келади. Баъзан улар билан ҳамфикр бўласиз, баъзан эса фикрлар бир-бирига мутлақо тўғри келмайди. Шундай бўлса ҳам уларнинг фикрини ҳурмат қилишга мажбурсиз. Ҳеч ким сиздай фикрлашга мажбур эмас. Ҳамма сиз эмас.

Narrator 2 Аммо шундай нарса борки, бу ҳақида бир ҳил фикр қилиш муҳим. Бу Худо билан муносабатлар мавзуси. Худо билан муносабат, У билан бирга яшаш, имонли ҳаёт кечириш, Унинг амрларига амал қилиш ҳақида сўз борар экан, жуда кўп художўйларнинг фикри бир жойдан чиқади. Улар бу борада қандай йўл тутишни биладилар. Исо Масиҳ кишиларнинг дилидан нималар кечаётганини билса ҳам, уларнинг гап сўзларидан, қанчалик Худо Шохлигига яқин ёки йўқлигини билиб оларди. Бир куни шундай воқеа содир бўлди: «Уламолардан бири уларнинг мунозара қилаётганини эшитиб, Исонинг уларга яхши жавоб бериб турганини кўрди. У Исонинг олдига келиб: — Бутун илоҳий амрларнинг энг муҳими қайси бири? – деб сўради». Балки бу саволни, Исо Масиҳни синаш учун, балки ўз фикрини баён қилиш учун сўрагандир. Бироқ ёмон ниятда сўрамаган эди.

Narrator 1 «Исо унга жавоб бериб деди: — Бутун амрларнинг энг муҳими шу: — Тингла, эй Исроил! Раббимиз бўлган Худованд – ягона Худованддир. Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг, бутун жонинг, бутун онгинг ва бутун қувватинг билан севгин. Мана бу энг муҳим амр. Иккинчиси эса ундан кам эмас, чунончи: «Ўзгани ўзинг каби севгин». Булардан буюк амр йўқ. – Яхши гапирдинг, Устоз, — деди уламо Исога. – Худо ягона, Ундан бошқа худо йўқ, деб тўғри айтдинг. Уни бутун қалб, бутун онг, бутун жон ва бутун қувват билан севиш, ўзгани эса ўзимизни севгандай севиш керак. Бу – ҳар қандай қурбон сўйиш ва назр – ниёз аташдан аълороқдир. Исо унинг оқилона жавоб берганини кўриб: — Сен Худонинг Шоҳлигидан узоқда эмассан, — деди. Шундан кейин бошқа ҳеч ким Ундан сўрашга журъат этмади.» (Марк 12:28-34).

Narrator 2 У яхши устоз ва ўқитувчи экани гап-сўзларидан маълум. Унинг гапларидан Исо Масиҳга қаршилик сезилмайди. Исо Масиҳ энг буюк амрларни санаб ўтганидан сўнг, у бу амрларни жуда содда ва тушунарли қилиб такрорлади. Бундан у оддий халқ орасида кўп бўлганини, уларга Эски Ахд китоби ва қонунларини жуда тушунарли тарзда етказиб берганини билиб олиш мумкин. Ундан ташқари у Исо Масиҳнинг кўнглидаги бир гапни айтди: «Бу – ҳар қандай қурбон сўйиш ва назр – ниёз аташдан аълороқдир.» Худога яқин бўлмаган инсон бу сўзларни шундай оддий ва таъсирли қилиб айтолмайди. У шундай деб билади, шунга кўра яшайди ва шундай таълим беради. Шунинг учун ҳам Исо Масиҳ унинг жавобидан таъсирланиб: «- Сен Худонинг Шоҳлигидан узоқда эмассан » — деди. Худога яқин бўлсак, Унинг фикрларидан боҳабар бўламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top