Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Инсон дунёга келар экан, бу дунёда ўз ўрнини топишни истайди. Ўсмирлар келажакда ўзини ва оиласини таъминлайдиган, қобилиятларига тўғри келадиган, ёқадиган бирор бир касбни танлашга ҳаракат қилади. Қобилиятсиз инсон йўқ. Ҳар бир кишининг у ёки бу нарсага қобилияти бўлади. Фақат шу қобилиятни шакллантира билиш керак ҳолос. Қадимги Аҳд давирда ҳам қобилиятли инсонлар жуда кўп бўлган. Шундай инсонлардан бири Хуром деган киши эди. Унинг нимага қобилияти бор экан, дейсизми? У иқтидорли ва тажрибали уста бўлган. Каломда ёзилганларига кўра, у тажрибали, қобилиятли ва ўз ишининг устаси бўлган. Ҳар бир замонда қобилиятли ва беназир ҳунармандлар ниҳоятда қадрланган.
Narrator 2 Каломда у ҳақида шундай ёзилган: «Шоҳ Сулаймон Тир шаҳридан Хуром деган бир одамни чақиртириб келди. У Нафтали қабиласидан бир бева аёлнинг ўғли эди. Отаси Тир шаҳридан бўлиб, мисгар ўтган эди. Хуром бор истеъдоди, маҳорати ва ақлини ишга солиб, бронзадан турли буюмлар ясашни ўрганиб олган эди. У Сулаймон ҳузурига келгач, ҳамма ишларни бажариб берди.» (3 Шоҳ 7:13-14). Қуддусда яшайдиган Шоҳ Сулаймон Хуромни Тир шаҳридан чақиртириб келтирди. Шунга кўра бу йигит ўз замонининг энг машҳур ва тажрибали устаси бўлган дейиш мумкин. У Хуромни Худованд Маъбадига баъзи нарсалар ясаш учун чақиртирди. Жуда катта ҳажмдаги ишни катта маҳорат билан битириб берди.
Narrator 1 Калом унинг нималар ясагани ҳақида шундай дейди: «Хуром бронзадан иккита устун ясади, ҳар бир устун баландлиги 18 тирсак, тевараги 12 тирсак чиқарди.» (3 Шоҳ 7:15). Бунақа катта ҳажмдаги устунларни ясаш учун инсон кучли ва зукко бўлиши керак. У худди шундай одам бўлган. Устунлардан ташқари у «устунларнинг тепасидаги иккита доира шаклидаги устунқош, устунқошни ўраб турган иккита тўғрисимон безак, иккала безакнинг ёнларида тўрт юзта анор сурати, яъни устунлар тепасида доира шаклидаги иккита устунқошни қоплаб туриш учун ҳар бир тўрсимон безакнинг иккала чеккасидаги анор суратлари, ўнта арава, араванинг тепасидаги ўнта тоғора, битта ҳовуз, ҳовуз остидаги ўн икки ҳўкиз шакли, қозонлар, кураклар, тоғоралар.» (3Шоҳ 7:41-45).
Narrator 2 Хуром ўз ишининг устаси, кучли ва зукко уста бўлиши билан бирга бошқарувчилик ҳусусиятига эга бўлган шахс ҳам бўлган бўлса керак. Чунки шу ишларни устанинг бир ўзи бажара олмасди. У ўта чиройли ва донолик билан ясаган нарсаларни ясашга ёрдам берадиган қўл остида ишлайдиган ёрдамчи усталар ҳам бўлиши керак эди. Бу усталарга ясалмоқчи бўлган нарсаларнинг айнан қандайлигини тушунтириш, уларнинг ҳар бирини исталганидай қилиб ясаш учун ёрдамчи усталарни бошқара билиш ҳам талаб этилган. Хўш, нега юқоридаги нарсалар айнан ўша шаклда ва анор суратлари билан бўлиши керак бўлган? Бошқа сурат қўйиш мумкин эмасмиди? Маъбаднинг ҳамма жиҳозлари айнан Худованд тасвирлагандай бўлиши керак эди. Хуром эса мана шу ишнинг уддасидан чиқди. Бу ишлар Худовандга маъқул бўлди.