MP3

Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Биз Худо билан муносабатда бўлаётган ягона шахс эмаслигимизни яхши биламиз. Биздан олдин миллионлаб кишилар Худо билан муносабатда, имон билан умргузаронлик қилишган. Биз аввалги сафар айтганимиздек, Аюб пайғамбарнинг ҳаёти ва у ҳақида ёзилган китоб бизга: «Нима учун солиҳ киши қийналади», — деган саволга жавоб беради. Бу савол аввал ҳам долзарб бўлган, бугун ҳам шундай. Шайтон Аюбга ҳужум қилди, аниқроғи Аюб орқали Худога ҳужум қилиш ниятида эди. У Худога ер юзида Унга чиндан ҳам ишонадиган, топинадиган инсон йўқлигини кўрсатиб қўймоқчи эди. Шайтон Худога бу ҳақида шундай деди: «Сен Аюбга ҳамма нарса бергансан, унинг ҳаётда ҳеч нарсадан камчилиги йўқ. Ҳаёти бирдай яхши кетяпти. Агар буларни олиб қўйсанг, у Сени лаънатлаши аниқ.»

Чиндан ҳам Аюб Худони севарди, Унга ҳар доим шукрона келтириб яшарди. Худо ҳам бунга жавобан уни марҳаматлаб, уни ҳар қандай ёмонликлардан ҳимоя қиларди. Худога чин дилдан хизмат қилиш орқали Аюбнинг ҳаёти гуллаб яшнарди. Бироқ Шайтоннинг гапи билан Худо Аюбнинг ҳаётидаги ҳимояни олиб ташлади ва Шайтонга Аюбнинг ҳаётига қийинчиликлар келтиришига рухсат берди. Биринчи синовдаёқ, Аюб мол-қўйлари ва фарзандлари ҳамма бойлигидан маҳрум бўлди. Аммо шунда ҳам Худога ношукурлик қилмади. Шайтон яна Худонинг олдига келиб, Аюбга кулфат келтиришга рухсат сўради. Иккинчи синов Аюбнинг моҳов касаллигига чалиниши эди. Унинг баданига оғриқли ва бадбўй ҳидли яралар тошиб кетди. Баъзи маълумотларга кўра бу яралар мохов касаллигидан ҳам ёмонроқ бўлган.

Учинчи синов Аюбнинг хотини томонидан сиқувга олиниши эди. Шайтон шундай йўлни ўйлаб топди. Эри солиҳ киши бўла туриб, шундай азобларга дучор бўлаётганини кўриш аёл учун ноҳақсизликдай эди. Шунинг учун ҳам у эрига келиб: «Нега Худо сенинг бошингга шундай кунларни солган бўлса ҳам Уни лаънатламайсан. Бундай азобларга чидашингдан сенга нима фойда. Ундан кўра Худони лаънатлаб ҳотиржам кўз юмганинг яхшироқ эмасми?!» — дейди. Шайтон Аюбни нафақат жисмонан, маънан ҳам азоблаётган эди. Художўй кишининг ўз севимли инсонидан шундай гапларни эшитиши энг дахшатли азобдир. Бироқ, ҳатто Аюбнинг аёли ҳам уни имонидан қайтара олмади. У аёлининг гапларини рад этиб, унинг гаплари аҳмоқона эканини айти. Тўртинчи синов. Бу синовни қанчалик кучли эканини тушуниш учун, Аюбнинг дўстлари ҳақида билиш лозим.

Биринчи дўсти Элифаз – урф одатларга амал қиладиган киши, иккинчи дўсти Билдад эса файласуф, учинчиси Зофар эса фанат эди. Бундай кишилар учун масаланинг бошқа томонини кўриш маҳол эди. Улар ўз дунёқарашларидан келиб чиққан ҳолда Аюбни айблай бошладилар. Дўстлари Аюбнинг ҳолатини тушунишмас, тушунишни исташмас ҳам эди. Дўстлари Аюбга ўз фикрларини уқтиролмагач, ундан воз кечиб кетишди. Уларнинг фикрича ҳамма қийинчиликлар гуноҳ туфайли келади. Аюб эса гуноҳкор ва гуноҳи учун жазоланаётган одам эди. Бугун ҳам шундай қарашлар йўқ эмас. Агар ҳаётингизда қийинчиликлар келаётган бўлса буларнинг бари қилган гуноҳ туфайли деб ўйлаш хато. Чунки юқорида айтганимиздек Худо солиҳ кишини синаш ва ўзига яқинлаштириш учун ҳам қийинчликлар келишига йўл қўяди. Қийинчиликлар Худо баракатининг бошланишидир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top