Narrator 1 Ассалому алайкум. Шоҳ Довуд жуда ақлли ва меҳрибон шоҳ бўлган. У бир вақтнинг ўзида ҳам кучли жангчи ва юмшоқ кўнгилли шоҳ эди. Бундай шоҳнинг атрофида энг яхши жангчилар ва лашкарбошилар бўлгани аниқ. Улар орасида Йўаб деган моҳир жангчи ва лашкарбоши ҳам бор эди. У кучли жангчи бўлишига қарамай, ўта шафқатсиз ҳам эди. Фикримизча шоҳ Довудга хизмат қиладиганларнинг бари, Худонинг иродасини биринчи ўринга қўйиши, ноҳақликлардан ўзларини четга олишлари керак. Аммо Йўаб ундайлардан бўлмаган. У чиндан ҳам жанг санъатини яхши биладиган, қўрқмас, кучли лашкарбоши бўлган. Тахминимизча шоҳ Довуд уни айнан мана шу сифатлари учун ҳам ёнида олиб юрган. Бироқ унинг гуноҳларини унутмаган.
Narrator 2 Йўаб Довуднинг олдига тинчлик билан келган Абнурни ўлдирди. Абнур ҳам кўзга кўринган, эътиборли кишилардан бири эди. У Довудга қўшилмоқчи эди. Аммо Довуднинг ҳузуридан чиқиб кетгач, ярим йўлда Йўаб томонидан ўлдирилди. Бу гап Довудга етиб келди. Йўабнинг ўзига бир нима демаган бўлса ҳам, Довуд Абнурнинг ўлимидан афсусланди. Кейинчалик эса Йўаб, Эмоса деган бир йигитни ўлдирди. Эмоса аслида Йўабнинг жияни эди. Довуд ўғлидан қочиб юрган пайтида Абсалом Йўабнинг ўрнига унинг жияни Эмосани лашкарбоши қилиб тайинлаганди. Абсалом енгилиб, Довуд Қуддусга қайтиб борганида эса бутун халққа нома юборди, шу жумладан Эмосага ҳам. Номада шундай дейилганди: «Эмосага ҳам шу гапни етказинглар. .. Сени ҳозирдан бошлаб Йўабнинг ўрнига умрбод лашкарбоши қилиб тайинлайман».
Narrator 1 Йўаб эса ўз жияни Эмосани қучоқлашиб сўрашиш баҳонасида ўлдирди. Довуд Йўабнинг бу қилмишидан ҳам хабарсиз қолмади. Аслида, Довуднинг ўғли Абсаломни ҳам Йўаб ўлдирган эди. Довуд Абсалом тирик қолиши керак, деб буюрганига қарамай, Абсалом қочиб кетаётган пайтда Йўаб ортидан қувиб бориб, дарахтга сочлари билан илиниб қолган Абсаломга қилич санчди. Абсалом дарахтга осилиб қолганида ҳали тирик эди. Йўабнинг Абсаломда алами бор эди. У қилган ишини шоҳга садоқат ниқоби остига яширган бўлса-да, аслида ичи қора, лашкарбошилик лавозимига ёпишиб олган, ўзини муҳим санайдиган одамлар тоифасидан эди. Унинг Абсаломда алами бор дейишимизга сабаб, Абсалом акаси Омнўнни ўлдиргач, шоҳ уни саройдан узоқлаштирди. Абсалом саройга қайтиб бориш учун кимнидир элчи қилиб юбориши керак эди.
Narrator 2 Абсалом Йўабни танлади. Чунки шоҳнинг ёнида доимо Йўаб юрарди. У Йўабни чақиртириб келиш учун одам юборди. Бироқ Йўаб келишни истамади. Шундан сўнг у хизматкорларига айтиб, Йўабнинг буғдойзорига ўт қўйдирди. Шундан сўнг Йўаб Абсаломнинг олдига келди. Балки Абсаломни ўлдирганида мана шу аламини олгандир. Нима бўлганда ҳам Йўабнинг қилмишлари шоҳ Довудга етиб келарди. Шунинг учун ҳам ўлими олдидан ўғли Сулаймонга Йўабга тегишли васиятини ҳам айтди: «Яна Зеруя ўғли Йўаб менга нима қилганини сен биласан. У Исроилнинг иккита лашкарбошисини – Нар ўғли Абнур билан Этер ўғли Эмосани ўлдириб, тинчлик пайтида уруш давридагидай қон тўкди. … Йўаб ажалидан беш кун бурун ўлсин… Шунга ақлингни ишлат» (3 Шоҳ 2:5). Шоҳ Сулаймон отаси Довуднинг айтганини қилиб Йўабни ўлдиришга фармон берди.