Narrator 1: Ассалому алайкум. Оила Худо томонидан ташкил қилинган энг гўзал ва илоҳий маскандир. Оилада турмуш ўртоқлар бир-бирига талпинишса, ўз вазифаларини билишса, оилани бошқаришар экан, бир мақсадни кўзлаб олдинга интилишса бундай оила фақат гўзаллашади. Оила ҳақида сўз очган эканмиз, Худованд эркак билан аёлни яратишдан мақсадини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Ҳали Худованд аёлни эркакдан яратмасидан олдин, аёлга тегишли ҳислатларни эркакдан чиқариб олишидан олдин Худода аёл учун аниқ бир мақсад бор эди. У «Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас» — деди. Ўшанда одам унга мос келадиган бир ёрдамчига муҳтож эди. Аёлни одамдан яратиб, уни одамнинг олдига келтирди. Худованд аёлни одамга тобе бўлиши, ундан қаноат топиши ва у билан муносабат қуриши учун яратди.
Narrator 2: Муқаддас Калом бу ҳақида шундай дейди: «Чунки эркак хотиндан эмас, хотин эркакдан бунёд бўлган. Яна эркак хотин учун эмас, балки хотин эркак учун яратилган» (1 Кор 11:8-9). Аёл эркак учун яратилган. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир эркак оилада ўз мададкорини, заифасини қадрламоғи ва парваришламоғи лозим. Чунки Худованд аёлни, эркакдан олиб яратди, у учун ва унинг фойдаси учун яратди.
Шу жумладан аёллар ҳам улар учун Худонинг мақсади нималигини билишлари ва ёдда сақлашлари керак. Муқаддас Каломнинг ҳеч бир жойида аёл киши эридан алоҳида ўзининг мақсадига эга бўлиши керак, деб ёзилмаган. Аёлнинг мақсади деган жумлани тўғри тушуниб олишингиз керак.
Narrator 1: Аёл ўз олдига истаганича мақсад қўйиши мумкин, бироқ бу мақсад оиласига, эрига, фарзандларига тегишли бўлсин. Эридан айро ҳолда, унинг ҳабарисиз ва рухсатисиз оилага зиён етказадиган мақсад бўлмаслиги керак. Оилада аёл ҳам эркак ҳам ўзининг Худодаги мақсадини ва вазифаларини, нима учун ва аслида қандай шаклда яратилганини яхши билса ва шунга амал қилса, бундай оилада ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Юқорида биз Худованд аёлни эркакдан, у учун ва унинг фойдаси учун яратди дедик. Бу 100 фоиз ҳақ гап. Худованд эркакка ёрдамчи ва мададкор кераклигини билганди. У айнан мана шундай мукаммал ёрдамчини яратди. Аёл кишининг эркакникига ўхшамайдиган қобилиятлари ва устунликлари бор. Эркакка қараганда аёл юмшоқ, ҳамдард, раҳмдил, сабрли ва назокатлироқдир.
Narrator 2: Оилада эрнинг ёрдамчиси бўлиш учун аёлга айнан мана шундай ҳислатлар зарур эди. Худованднинг аёл учун мақсадлари жуда катта ва муқаддасдир. Аёлни камситганлар жуда қаттиқ адашадилар. Аёлини ҳурмат қилмайдиган, уни менсимайдиган, доимо унга паст назар билан қарайдиган эркак, Худонинг аёлни нима учун яратганидан беҳабардир. Унинг вазифаси ҳар қандай шароитда ҳам, эрининг ишларидан, ҳаётида унга кўмакчи, ҳамкор ва ёрдамчи бўлишдир. У ақли, назокати ва аёллик ҳислатлари билан эрига энг тўғри келадиган мукаммал ёрдамни бера олади. Оиласининг гуллаб яшнашини истаган ҳар бир эркак энг аввало у учун яратилган аёли, кўмакчиси қандай мақсадда ва нима учун яратилганини, унинг вазифаларини билиб олиши керак. Аёл эркак учун энг арзирли ва қимматбаҳо мукофотдир. Эркак эса аёл учун муносиб таянч ва соҳибдир.