3:36

Оила бутунлиги 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Чин рўзғорни яратиш, тоғдан сув чиқаришдан ҳам мушкулроқдир. Оилавий бахтга эришиш осон эмас. Бу бахтдан баҳраманд бўлиш учун не-не қийинчиликларга сабр-тоқат қилиш ва тадбиркорлик билан иш кўриш керак бўлади. Кўпчилик турмуш қуради-да, фарзандлик бўлгач «феълимиз тўғри келмади», деб ажрашиб кетади. Бу ақлли одамнинг иши эмас. Ўйлаб кўринг бедана боқишни яхши кўрадиган одам уни қўлга ўргатиш учун неча кунлар енг ичида сақлаб, оғиз билан сув бериб юриб ҳаракат қилади. Биргина бедана учун шунча меҳнат, шунча ҳаракат. Ëки бўлмаса, бир итни қўлга ўргатиш, уни ўзи истагандай тарбиялаш учун қанча оворагарчилик кетади. Аммо ўша бедана ёки ит инсон билан қанча вақт бирга яшайди?! Эр ҳам аёл ҳам бир-бирларига мослашиш учун астойдил ҳаракат қилиши, Худо истаган чин муносабатга эришиш учун баъзи нобоп сифатлардан воз кечиши керак бўлади.

Нега ўтар-кетар ҳайвонот учун шунча уринасан-у, умрингнинг охиригача ёнингда борувчи жуфтингдан меҳнатингни аяйсан?! Сенга яхши умр йўлдоши керакми, керак! Аммо одам дўконда сотилмайди, ёки бўлмаса заводдан сифат белгиси текширилиб чиқарилмайди. Феълим тўғри келмади, бунисидан ажраб бошқа яхшисини топиб оламан, — деб ўйласанг адашасан. Бу гап эркакка ҳам аёлга ҳам бирдек тегишли. Хато қилмайдиган инсон йўқ. Ҳеч бир инсон идеал яратилмаган. Худованднинг инсонларга берган энг катта машаққатли совғаси бу – рўзғордир. Худованд икки бутунлай бошқа-бошқа инсонни бир оилага бирлаштириб, уларни бир-бирига мослаштириб қўяди. Мослашиш даврида қийналаётган бўлсангиз, Худодан ёрдам сўранг. У ҳеч қачон оиланинг пароканда бўлишини истамайди. Худо учун мумкин бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ. У эр-хотин орасида қайта муҳаббат оловини ёқишга қодир.

Инсоннинг тарафдан кўринмайдиган, аммо яшаб кўргач, ошкор бўладиган камчиликлари сон мингта.

Хулоса шуки, никоҳ ўқилдими, бир рўзғорга кирдингми, мослашишинг керак. Ширин рўзғор яратиш учун, болалар армон қилмайдиган ота-она бўлиш учун тинмай ўзингни қайта ишлашишг шарт. Ва жуда эҳтиёткорлик билан, дилини оғритмайдиган тарзда жуфтингни ҳам ўзгартириб боришинг бурчингдир. Кўриб турибсизки, турмуш бу дангаса, бахтга эришиш учун тер-тўкишни истамайдиган одамлар учун эмас. «Қандай бўлсам, шундай туравераман, керак бўлса, жуфтимнинг ўзи менга мослашсин», дейдиган эркак ҳам аёл ҳам ақлли эмас! Руҳий ҳаста одамга яқинлари тоқат қилишга мажбур, чунки у – бемор. Аммо ўзидаги ёмон феълларга жуфтини чидашга мажбур қилиш ҳам жинниликдир.

Мослашиш ҳар икки томондан бўлсагина рўзғор аталмиш ошёнда бахт ин қуради. Мослашишга кўнган жуфт оилавий бахт нималигини татиб кўрадилар.

Сиз ҳам шундай қилиб кўринг-а! Бир бор оилавий бахтнинг таъмини тотиб кўринг, кейин унга ўзингиз талпинасиз. Феълингизда ҳар қанча қайсарлик, ўжарлик, беписандлик бўлмасин, шу бахт учун уларнинг баридан воз кечишга тайёр бўласиз. Нима учун?! Болаларга мўътадил шароит яратиш учун, ўзининг ва фарзандларининг ороми учун, жуфти билан бир-тану бир жон бўлиш, руҳан якдил бўлиш учун. Буларга эришиш учун астойдил, ихлос билан ҳаракат қилиш лозим. Бу йўлда дангасалик, манманлик ва ўжарлик кетмайди. Юқорида келтирганларимизнинг ҳаммаси ҳам эркак ҳам аёлга тегишли. Ҳар ким ўзига тегишли хулосани чиқариб олаверсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top