3:10

Болаларнинг ўсишига ёрдам 219

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Азиз ота-оналар, ҳар бир инсонда ўзига яраша камчиликлари бўлади. Шу жумладан ўсмир болаларда ҳам. Азизлар, агар сиз ҳам болаларингизда айрим камчиликларни кўрсангиз, бундан ғазабланманг. Аксинча, болага ёрдам беришга шошилинг. Ҳар бир боладаги камчиликка ота-она ва якшанба мактабидаги масиҳий ўқитувчилар самимий ёндошишлари керак. Азиз биродарлар, болаларимизда қандай камчиликлари бўлиши мумкин? Биринчидан, кимдир пулни тўғри ишлатишни билмаслиги мумкин. Шундай муаммо бўлса, маблағ муаммоси деб тушунишга ҳаракат қилинг.

Бундан ташқари яна кимдир сузишни билмаслиги мумкин. Лекин пулни тўғри ишлатишни ўз ўрнига қўйиб қўяди. Хуллас, ҳеч бир инсон ва уларнинг муаммоси бир-бирига асло ўхшамайди. Ҳурматли ота-оналар, агар сиз болангизда қандайдир камчиликларни кўрсангиз, уларга ёрдам беришга ҳаракат қилинг. Болани урушиб, айбини унинг юзига солиш билан ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Яхши гапириб ва ўзимиз ёрдам қўлини чўзиб, кўп нарсани уларга ўргатишимиз мумкин. Хуллас, ўзингизни ёшлик даврингизни бир эслаб кўринг-а. Ўйлайманки, ҳеч биримиз “суппермен” бўлмаган бўлсак керак. Ахир болаликда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Мен ўз бошимдан ўтган бир воқеани сиз, азизлар билан бўлишмоқчи эдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг: мени ўз ўғлим маълум ёшгача туфлисини боғичини боғлай олмасди.

Албатта, ўғил болани бундайлигини кўриб ҳар қандай ота-онанинг ҳам ўзини тутиши қийин бўлса керак. Албатта, менда ҳам шундай бўлган. Лекин кўпинча ўзимни қўлга олиб, унга боғич қандай боғланиши кераклигини кўрсатишдан эринмасдим. Орадан сал вақт ўтиб, ўғлим боғични боғлашни ўрганиб олди ва биринчи марта у туфлисини боғичини ўзи мустақил боғлаб, хурсандлигидан олдимга югуриб келгани ҳеч ёдимдан чиқмайди. Албатта, мен ҳам хурсандлигимни унга кўрсатиб, яна далда беришга уриндим. Хуллас, шу йўл билан ўғлимиз боғични тўғри боғлашни ўрганиб олганди. Азиз биродарлар, болага ниманидир ўргатмоқчи бўлсангиз, аниқ кўрсатишга ҳаракат қилинг. Иложи борича кўрсатаётганларингизни ёки айтганларингизни ўз қўллари билан бажарсин. Шундагина бола ниманидир ўрганади ва эслаб қолади.

Ҳурматли ота-оналар, сизга шундай машаққатли ишда сабр-тоқат тилаб қоламиз. Ҳурматли ота-оналар, яна бир нарсани айтиб ўтиш ёдимдан чиқай дебди. Болангиздаги камчиликларни барчасини яширин рўйхатини тузиб чиқинг, албатта, ҳар бир камчилик учун ибодат қилиб Худодан ёрдам сўранг. Бундан ташқари ҳар бир ҳал бўлган камчиликларни рўйхатингиздан учириб ташланг. Орадан вақт ўтган сайин рўйхатингиздаги камчиликларнинг камайиб бораётганини кўриб хурсандчилик ила Худога раҳматлар айтасиз. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини яна бир карра эслатиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз ота-оналар ва биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top