Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азиз биродарлар, кимдир Раббимиз Исо Масиҳдан кечирим олиб масиҳий бўлган вақтида Муқаддас каломга эга бўлиши аниқ. Истаган киши, шу жумладан ҳали Худо билан ярашмаган инсонлар ҳам Муқаддас каломни сотиб олиши ёки кимдандир совға тариқасида олиши мумкин. Лекин бир гап: қўлимизда Муқаддас калом бўлгани билан у бизнинг шайтонга қарши курашадиган қуролимизга айланиб қолмайди. Чунки агар кимнинг юрагида Муқаддас Руҳ яшамас экан, у инсоннинг ҳаётида ўзгариш бўлмайди.
Азиз биродарлар, келинг, Муқаддас каломдан 1Коринфияликларга мактубининг 2 боби 14 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Инсон ўзининг туғма ҳис-туйғулари билан Худо Руҳи ўргатган нарсаларни қабул қила олмайди. У буларни тушунмагани учун тентаклик ҳисоблайди. Зеро илоҳий ҳақиқатни Илоҳий Руҳ ёрдамида муҳокама қилиш лозим”. Шунинг учун айтдик, кимдаки Худонинг Муқаддас Руҳи йўқ экан, у инсон нафақат Худонинг каломида битилганларини, балки Худованднинг амр ва айтганларини ҳам тушуна олмайди. Имонли одамлардаги Муқаддас Руҳ доимо уларга тўғри йўлни кўрсатади. Доимо гуноҳ билан тоза ҳаёт ўртасидаги фарқни англатиб туради.
Каломни ўқиган ҳар бир имонли киши ўзининг ҳаётига ҳар сафар янги йўналишларни олади. Римликларга мактубининг 1 боби 16 оятида айтилганки: “Ҳар ҳолда мен Инжилдан ор қилмайман. Аввало яҳудий, сўнг турли халқдан имон келтирган ҳар бир киши учун Инжил Худонинг ҳалоскорлик қудратини етказувчи Хушхабардир”. Азизлар, Худонинг каломини биз кескир қиличга ўхшатишимиз бежиз эмас. Сабаби, кимки жанг қилишга чиққанида қўлида қиличи бўлса, душманни енгиши осон бўлади. Албатта, жангда қуролсиз инсон мағлуб бўлиши аниқ.
Бизнинг қўлимизда доимо Худованднинг каломи кескир қиличи бор. Биз қўлида қуролсиз одамларнинг олдига борамиз. Худованднинг каломи орқали уларга Хушхабар етқазамиз. Имоним комилки, ушбу жангда албатта ғолиб чиқамиз. Худонинг сўзи шундай кучга эгаки, юраги шайтоннинг ёлғонлари билан тўлган инсонларни ҳам ўзгартира олади. Уларнинг суякларини ёриб иликларигача етиб боради. Юрагидаги тошни эса эритиб юбориб, бутунлай тоза юракка айлантира олади. Худованднинг каломи янграб турадиган жойда доимо шайтоннинг шоҳлиги йўқ бўлиб кетади. Азиз биродарлар, руҳий жанг олиб бориш учун ҳар бир масиҳийда руҳий қилич бўлиши лозим.
Шу қилични эса жанг пайтида ишлатишни доимо машқ қилиб жангга тайёргарлик кўришимиз керак. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, дастуримизга шу жойда якун ясаб, сизлар билан хайрлашаман. Азизлар, бизнинг сайтимизга ташриф буюришни унутманг. Манзилимиз: www.najot.com хайр, саломат бўлинг.