Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинларида ғойибона учрашиб турганимиз учун Отамизга шукроналар айтамиз. Азиз бирордарлар, 2 Тимўтий китобининг 2 боби 3 ва 4 оятларида ҳаворий Павлус шундай гапларни ёзади: “Исо Масиҳнинг яхши бир аскари каби тақдирингдаги азобларга дош бергин. Харбий хизматдаги аскар қумондонимни мамнун қилай, деб тирикчилик ишлари билан банд бўлмайди”. Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳақиқий шогирди бўлиш учун кўп тўловлар тўлашга тўғри келади.
Барча ўзини Раббимини шогирдиман деганлар ҳар куни ўз хочларини олиб юришларига тўғри келади. Бу дегани эса, масиҳий инсонлар кимнингдир азобларига ва содир бўлиб турадиган қувғинларга ва бошқаларнинг мазах қилишларига чидамли бўлинглар деганидир. Айрим биродарлар: мен ҳеч қандай муаммоларсиз масиҳийча ҳаёт кечира оламан ва шундай яшаб келяпман ҳам, деб айтиши мумкин. Шундай гапирган одамнинг сўзларига ишонманг. Демак, у биродар ёлғон гапиряпти. Балким шундай гапираётган биродарлар бир жойда қотиб қолган ёки ҳали ҳам ухлаб ётган бўлишлари мумкин.
Айниқса ҳозирги пайтда биз яшаб турган жойда хизмат олиб бориш унчалик осон эмас. Худованд Ўзига содиқ масиҳийларни аста-секин ажратиб олмоқда. Кимки ҳақиқий хизмат олиб бораётган бўлса, албатта орадан вақтлар ўтиб шайтоннинг ҳужумига дуч келишади. Худога шукур, кўпчилик биродарлар шундай ҳужумларга бардош бериб Масиҳдан воз кечишмаяпти. Шу билан бирга бунинг аксини ҳам кўришимиз мумкин. Албатта ушбу гапларимиз орқали кимнидир айиблаш ниятида эмасман. Бу бор ҳақиқат. Масиҳни била туриб Ундан воз кечиб кетишдек даҳшатли нарса бўлмаса керак.
Худованд ҳар биримизга турли синовларни бериши муқаррар. Лекин ҳамма гап шу синовларга бардош беришда. Ҳурматли биродарлар, ҳар қандай бўладиган ҳужумларни сабр-тоқат ила ва бардош билан енгиб ўтиш бу жасурлик, деб айтишимиз мумкин. Агар ҳар бир масиҳий инсон Худованднинг ҳимоясида бўладиган бўлса, нима учун ва кимдан қўрқиш керак? Масалан, ит ҳам вакиллаб югуриб олдингизга келиб тишламоқчи бўлган пайтда, ерга энгайиб бирор нарсани олмоқчида бўлсангиз, ит ҳам қўрқиб орқасига тисарилади. Узоқдан туриб сизга қараб акиллай бошлайди.
Шундай экан Худованд биз билан, У доимо ҳар биримизни Ўз ҳимоясига олишга тайёр турибди. Фақатгина Худовандни ёрдамга чақирсак бўлгани.У хар биримиз хақимизда ғамхурлик қилишни хохлайди. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Азизлар, фикр ва мулоҳазаларингиз битилган мактубларингизни кутиб қоламиз. Хайр саломат бўлинглар.