Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман. Азиз биродарлар, оқсоқолларда жамоатни бошқариб туриш учун жуда катта жавобгарлик бор. Шунинг учун оқсоқолларнинг Худо билан яқин муносабатта бўлишлари жуда муҳим деб биламиз. Жамоатнинг ўз олдига қўйган вазифаларини амалга ошириш учун биринчи галда оқсоқоллар жуда фаол бўлиши лозим. Оқсоқоллар нафақат гуруҳдаги биродарлар томонидан, қолаверса улар ҳақида маълумотга эга бўлган инсонлар томонидан доимо кузатув остида бўладилар.
Шунинг учун ҳар бир оқсоқол ўзларини яшаш тарзига ва оиласини бошқаришига катта эътибор қаратишлари керак. Азиз биродарлар, ҳозир сизларга оқсоқоллардаги айрим фазилатларнинг рўйхатини келтириб ўтмоқчи эдим. Албатта бу рўйхат ҳақида кўпчилигимиз маълумотга эгамиз. Шундай бўлсада, балки кимдир учун бу янгилик бўлиши ҳам мумкин. Демак, оқсоқоллар биринчидан: беайб, бир хотинли, ўз меъёрини билувчи, вазмин ва одобли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли, мулойим ва сокин табиатли, молпарастликдан йироқ,уйини яхши бошқарсин,болаларини бўйсиндира оладиган, обру-эътибор орттирган, жамоатдан ташқарида яхши номга эга, нафсини тиядиган, каломга ўргатилган ва унга қаттиқ риоя қиладиган бўлиши керак.
Энди эса оқсоқолларда бўлмаслиги керак бўлган айрим фазилатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак: спиртли ичимликка ружу қўйган, урушқоқ, янги имонга кирган, ўзбошимча ва ғазабли, тажанг ёки ғаразгўй. Азизлар, мана шу фазилатлар оқсоқолда бўлмаслиги керак. Энди ҳар бир хизматчи оқсоқоллар ўзлари ҳақида ўйлаб кўришлари мумкин. Албатта ушбу рўйхатларни биз Муқаддас каломдан олиб, сизларни эътиборингизга маълум қилдик. Шунинг учун бу сўзларни Худованд сиз азиз оқсоқолларга қарата айтаётганини тушуниш керак. Албатта, биз инсонлар камчиликсиз эмасмиз. Лекин оқсоқоллар гуруҳдаги бошқа биродарларга қараганда энг олдинда бориши керак.
Иложи борича, ушбу рўйхатдаги керакли фазилатларни ўзида жам қилиб, кераксизларидан фориғ бўлишга интилиш керак. Мана шу интилишнинг борлигини ўзи катта гап. Азиз оқсоқоллар, Муқаддас каломда оқсоқоллар ҳақида асосан учта жойда ёзиб қўйилган: булар Ҳаворийларга мактубининг 20 боби 28 оятидан 32 оятларгача бўлган жойлари, ҳамда 1 Бутрусга мактубининг 5 боби 1 оятидан 5 оятигача бўлган жойлари ва охиргиси 1 Тимўтийга мактубининг 5 боби 17 оятида 19 оятигача бўлган жойлари. Азиз биродарлар, ўйлайманки ҳар биримиз Худога муносиб хизмат олиб боришимизда ушбу оятлар бизга тўғри йўл кўрсатади. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди, бизнинг электрон почтамиз манзили эса: dilkash@najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр омон бўлинглар.