2:53

Уй гуруҳлари 73

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. Азизлар, сиз билан яна кичик уй гуруҳлари ҳақидаги мавзуимизни давом эттириш ниятидамиз. Азиз биродарлар, ҳар бир масиҳий биродарнинг олдига қўйилган асосий мақсад бу — дунёга Хушхабар тарқатишдир. Шу жумладан кичик уй гуруҳларининг ҳам асосий мақсадларидан бири шу бўлиши лозим. Тўғри, Хушхабар тарқаляпти, лекин назаримизда аввалгидек эмас. Тўғри, ҳозир шароит ҳам аввалгидек эмас. Лекин нима қилиш керак? Ўйлашимча, фақат олдинга қараб юриш орқалигина кўзлаган мақсадимизга етиб борамиз.

Фараз қилинг: кимдир қалин ўрмонзорда адашиб қолди. Нима қилиши керак? Албатта олдинга қараб юриши лозим. Шундагина у ўрмондан чиқиб кетиш учун аниқ бир йўлни топади ёки йўлда кимдир учраб, унга тўғри йўлни кўрсатиб юбориши мумкин. Адашиб қолдим, бўлди, энди ҳаммаси тугади, барибир йўл тополмайман, деб умидсизликка тушган одам албатта жойида ўтираверади. Ахир халқимизда бир гап бор: “Ҳаракатда барокат” деб айтишади. Демак, ҳаракат қилсак, Худованд хизматимизни янада барокатли қилиб кўплаб ҳосилга эга қилади. Кичик уй гуруҳларида ўзига яраша аҳллик ва режалар бўлса, албатта гуруҳ тез ва сифатли ўсиб боради. Масалан, анча тажрибали биродарлар Хушхабар тарқатиш билан шуғулланиши мумкин. Албатта олдига гуруҳдаги янги биродарларни ёки ҳали Хушхабар тарқатишга унчалик тажрибаси бўлмаган биродарларни шогирд сифатида олиши мумкин.

Хушхабар эшитганларни эса кимдир кутиб олиб, улар билан яна давом этишлари мумкин. Энди бундай режаларни ҳар бир кичик уй гуруҳларидаги биродарларнинг ўзлари биргаликда ҳал қилишлари мумкин. Масалан, мен ўзим қатнайдиган уй гуруҳида шундай режа қилганмиз. Йилнинг бошида биргаликда бутун жамоат аъзолари учрашиб, ибодат қиламиз ва тахминан гуруҳда ўнта биродар бўлса, ҳар биримиз йилнинг охиригача биттадан одамга Хушхабар айтиб, уни гуруҳга олиб келишга ҳаракат қиламиз. Қарабсизки, йилнинг охирида яна битта янги уй гуруҳи пайдо бўлади.

Демак, Хушхабар тарқатиш учун қизиқроқ ва одамларга маъқул келадиган турли режалар қилишимиз мумкин. Худога шукур, бундай режаларимизни асосий қисми ишлайди. Фақатгина гуруҳ аъзоларини тез-тез руҳлантириб туриш ва қилинган режа учун биргаликда ибодат қилиш биродарларга янада куч бағишлайди. Азиз биродарлар, дунёга Хушхабар тарқалиши учун Худованд сизни ҳам ишлатмоқчи, балки бунинг учун Худода сизга нисбатан алоҳида режа бордир. Шунинг билан азизлар, мавзуимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг сайтимиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top