Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат, тингланг. Азиз биродарлар, тасаввур қилинг: сиз Худованд томонидан берилган барча ҳимоя қуроллари билан ҳимоялангансиз ва жанг олиб бориш учун тайёрсиз. Ҳаворийлар томонидан сиз айрим топшириқларни ҳам олгансиз. Энди эса ҳаворий Павлус шундай деб айтмоқда. Павлуснинг айтганлари 1 Коринфияликларга мактубининг 16 боби 14 оятида ёзилган, келинг азизлар, биргаликда ўқиб кўрамиз: “Ҳамма ишларингизни меҳр-муҳаббат билан бажо келтиринглар”. Ҳурматли биродарлар, Худованднинг айтганлари орқали жанг олиб бориш аниқ ғалаба келтиради.
Яна бир нарса: агар кимдадир қандайдир ҳимоя қуроли етишмаса, ғалабага ишониш қийин. Шунинг учун азиз биродарлар, ҳар бир қилган ишимизни Худованднинг номи улуғланиши учун қилсак, ҳам баракали бўлади, ҳам Худованд қилган ишимиздан хурсанд бўлади. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, агар Худованд учун нимадир қиладиган бўлсак, ҳар доим охири яхшилик натижаси билан тугаши аниқ. Тўғри, баъзида бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Бу шундан далолат берадики, қилаётган ишимизда ё шошқалоқлик қилганмиз ёки бўлмаса, инсонавий куч билан нималаргадир эришишни мақсад қилиб қўйган бўлишимиз мумкин. Баъзида шундай ҳолатлар ҳам содир бўлиб туради, гўёки қилмоқчи бўлган ишимизни Худованд учун қилаётгандаймиз.
Аслида эса мақсадимиз ва ҳатто фикримиз ҳам умуман бошқача бўлиши мумкин. Азиз биродарлар, Худованд учун нимадир қилганимизда кўнглимиз севгига ҳам тўла бўлсин, билимга ҳам тўла бўлсин. Шундагина ишимизнинг охири яхши натижа бера олади. Худованд биз масиҳийларнинг ёвуз кучлар билан қандай жанг олиб боришимизни истайди? Албатта, биринчи галда Худованднинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда жанг олиб боришимиз зарур. Ҳимоя кийимларидан биттасининг етишмаслиги ҳам бизга қимматга тушиши мумкин. Шунинг учун Худованд билан биргаликда маслаҳатлашиб жангга отланиш ғалаба келтиради, деб ҳар бирингизни ишонтира оламиз. Шу билан бирга азизлар, имонда мустаҳкам туриш, ибодат орқали Худованд билан маслаҳатлашиш ҳам биз масиҳийлар учун фақатгина ғалаба келтиради. Чунки Худованд билан биргаликда амалга оширилган иш ҳеч қачон ярим- ёрти бўлиб қолмайди.
Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканмиз, ҳар бирингизга руҳий ғалаба тилаб қоламиз. Шу билан бирга азизлар, бизнинг интернетдаги: www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг, деб қоламиз. Ушбу сайтимиздан сиз азизлар ўзингиз учун керакли бўлган кўплаб ажойиб маълумотларга эга бўласиз. Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.