Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радиомиз тўлқинлари билан соғ-саломат учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Марҳамат, тингланг, эшиттиришимизни бошлаймиз. Азизлар, инсон имонга келса нима ўзгаради? Албатта, биринчи галда нафс-эҳтиросларнинг занжиридан бутунлай озод бўламиз. Иккинчидан, руҳимиз қайта тирилади. Учинчидан, виждонимиз янгитдан уйғонади. Ҳаётимизда ижобий ҳис-туйғулар пайдо бўла бошлайди. Шундай қилиб барча ҳақиқатларни қабул қилишга йўл — ягона йўлимиз қолди. Лекин шу билан бирга ўзгармаган айрим одатларимиз ҳам бўлиши мумкин
, ушбулар салбий ҳис-туйғулардир. Нотўғри фикрларимиздан аксарият қисми ҳам ўзгармай қолиши мумкин.
Ҳаётимизда содир бўладиган гуноҳ асосан юракдан чиқади. Аслида эса юрак ўзгариши керак. Оғизга кирадиган нарсалар эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса инсонни ҳаром қилади. Чунки оғиздан чиқадиган нарсалар инсоннинг юрагидан чиқади, деб ёзади Матто Хушхабар китобининг 15 боби 16 оятидан 20 оятигача бўлган жойларида. Шундай қилиб қалбимиз қандай қилиб ўзгаради? Албатта онг ва иродамиз орқали. Биз нима қилишамиз керак? Худо-чи, У биз учун нима қилади? Каломни ўқиб юрагимизга жойлаб, онгимизни тозалашимиз керак, Худо эса қалбимизни тозалайди. Фикрларимизда, оғзимиздан чиқаётган сўзларда, ҳис-туйғуларимизда, ва энг муҳими, ҳаракатларимизда Масиҳдек бўлишимиз учун бизнинг қалбимиз Масиҳникидек бўлиши кераклигига эътибор берайлик.
Азизлар, юқорида айтганимиздек қалб ўзгарса, бошқа ҳаммаси ўзгаради. Ташқи нарсаларни иродамиз орқали ўзгартира оламиз. Лекин бу вақтинчалик холос. Бизнинг қалбларимиз ўзгариши шарт. Биз ўз хоҳишимиз билан ҳам, ҳаракатимиз билан ҳам қалбимиздаги ёмон ҳис-туйғуларни йўқ қила олмаймиз. Биз бундан озод бўлдик деб, фақат вақтинча ўзимизни алдашимиз мумкин. Ёки диний хулк-атворлар билан бекитишимиз мумкин. Лекин орадан вақт ўтиб, барибир яна юзига чиқади. Ҳар биримизнинг масиҳийлик давримизда бутунлай ўзгара олишимиз учун, уй-фикр қалбимиз ўзгаришида катта рол ўйнайди. Инсон доимо ижобий тарафга ўзгариши учун тинимсиз ҳаракатда бўлиши керак. Бунинг учун яна оддий нарсаларга ҳам эътиборли бўлмоғимиз керак. Масалан, нимани ўқияпмиз? Нимани эшитяпмиз? Нимани томоша қиляпмиз?
Ўй-фикрларнинг онгимизга сингиб киришининг асосий йўллари мана шулардан иборатдир. Ҳурматли биродарлар, ўзимизни Худога топширишни ўрганишимиз керак. Ҳаворий Павлус: “мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман,” — деб айтган эди Галатияликларга мактубининг 2 боби 19 ва 20 оятларида. Азизлар, ҳар доим ўзимизга шундай саволни бериб туришимиз керак. Сиз ҳам Масиҳ билан хочга михлаб қўйилганмисиз? Ҳурматли биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Барчамизни Худованд Ўз паноҳида асрасин. Азизлар, сизга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com Яна яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинглар.