Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радиомиз тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Марҳамат тингланг, эфирда “Дилкаш” радиоси. Ҳар бир Муқаддас Ёзув илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим бериш, далолат қилиш, тузатиш, солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир, деб айтади 2-Тимўтийга мактубининг 3 боби 16 ояти. Ҳеч бир пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу азиз одамлар Муқаддас Руҳ томонидан ҳаракатга келтирилиб, Худонинг сўзларини гапириб берганлар. 2-Бутрус 1 боб 21 оят.
Уларда тушуниш қийин бўлган баъзи мавзулар, айниқса ҳаворий Павлуснинг мактублари борки, жоҳил ва саботсиз кишилар бошқа муқаддас ёзувларни бузганларидек, уларни ҳам бузиб талқин қиладилар. 2-Бутрус мактуби 3 боб 16 оят. Агар бирор киши ўзини пайғамбар ёки Руҳ амрида деб ҳисобласа, у шуни англасинки, сизларга ёзганларим Раббимиз амридир. 1-Коринфликларга мактубининг 14 боби 37 ояти. Биз бу бойликларни инсоний ҳикматдан далолат берувчи сўзлар билан уқтирмаймиз. Аксинча, Илоҳий Руҳдан илҳомланган сўзлар билан Илоҳий Руҳга тобе бўлган кишиларга илоҳий ҳақиқатни талқин қиламиз.
1-Коринфликларга мактуби 2 боб 13 оят. Исо уларга деди: “У ҳолда, қандай қилиб Довуд илоҳий илҳом билан Масиҳни Раббим деб атаган? Мана, Довуд нима деган: “Худованд менинг Раббимга айтди: Ёвларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўлтириб тургин”. Матто Хушхабар китобининг 22 боби 43 ва 44 оятлари. Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, Менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади. Юҳанно Хушхабар китоби 14 боби 26 ояти. Муқаддас Ҳақиқат Руҳи келгач, У сизларни бутун ҳақиқат йўлига бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У келажак ҳақида сизларга хабар қилади.
У Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, шу билан Мени улуғлайди. Худонинг ҳар бир сўзи ҳақиқатдир, Ўзи эса Унга умид боғлаганинг қалқони. Худованд каломлари – пок каломлардир, тупроқдан олиниб ўчоқда етти гал эритилган мусаффо кумушдай каломлардир. Забур китоби 11 боби 7 ояти. Азиз биродарлар, Худованднинг Каломи ҳақиқатдир. У хоҳлаган инсоннинг юрагини эрита олади. Каломни қандай гапириш эса, албатта, биз воизхонларга боғлик. Доимо Каломни ўз ўрнида ишлатишга ҳаракат қилинг. Ёдингизда бўлса, Раббимизнинг шогирдлари ҳам оддий инсонлар бўлиб, асосан ҳеч қандай билимга эга бўлмаган инсонлар эди. Лекин Худованд уларни бутун асрга етадиган буюк инсонларга айлантирди. Улар нафақат буюк инсонга айландилар, балки Худовандга чин дилдан хизмат қилувчи издошлари ҳам бўлди. Азизлар, сиз билан биз ҳам Раббимиздан донолик ва хизмат қилиш хоҳишини сўрайлик. Каломни ажойиб тарзда гапириш учун донолик олишга ҳаракат қилайлик. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азизлар.