Ассалому алайкум азизлар. Худонинг қандай эканлигини оз бўлсада ўрганмас эканмиз, биз ҳеч қачон ўзимизнинг ким эканлигимизни ва нима эканлигимизни билолмаймиз. Шунинг учун Худонинг баркамоллиги — бу ақл-идрокдан ташқаридаги ва ҳаётдан узоқдаги қуруқ бир таълимот эмас. Бу ҳақиқатан ҳам
жарроҳлик операциясининг замонавий усулидек ҳаётий —кишини ўлқинлантирувчи саволдир. Ўзигагина маълум бўлган сабабларга кўра, Худо инсонни Ўз сурати ва қиёфасига ўхшатган ҳолда яратиб, уни бошқа мавжудотлардан устун қўйди. Шуни англаб етиш керакки, Худо сурати ва қиёфаси — бу шоирона ҳаёл, эътиқод жиҳатдан қизиқиш туфайли туғилган фикр эмас. Бу Муқаддас Ёзувларда
очиқ-ойдин айтилган ва масиҳийлик эътиқодини тўғри тушунишга ёрдам берувчи ҳақиқат сифатида Жамоат тан оладиган ишончли илоҳий далилдир.
Инсон — бу Худо суратига, қиёфасига ўхшатиб ижод қилинган ва Худога қарам бўлган яратилган мавжудотдир, у ўз-ўзича ҳеч нарсага эга эмас. Шу сабабли ҳам, ўз
мавжудлигининг ҳар бир дақиқасида инсон ўзини Ўз қиёфаси ва суратига ўхшатиб яратган Зотга қарамдир. Худонинг бор бўлиши инсоннинг мавжуд бўлиши учун керакдир. Тасаввур қилинг, Худо йўқ бўлсин — у ҳолда инсон мавжудлигининг
пойдевори ҳам изсиз йўқолади. Худо — бу ҳамма нарса, инсон эса — ҳеч нарса эмас, деган фикр масиҳийлик эътиқодининг асосий таълимотидир ва бу ерда масиҳийлик таълимоти Шарқнинг ривожланган фалсафий динлари таълимоти билан
устма-уст тушади. Инсон ўзининг бор ақл-идроки билан фақат илк товушнинг акс-садоси, фақат яратилмаган дунёнинг аксидир.
Қуёшдан ажралган нурнинг йўқолиши каби, Худодан ажралган инсон ҳам яна яратилган пайтида чиқиб келган йўқлик қаърига ботиб кетади. Нафақат инсон, балки мавжуд ҳамма нарса яратилишнинг тўхтамайдиган кучидан келиб чиқади ва унга боғлиқдир. «Азалда Каломуллоҳ бор эди, Каломуллоҳ Худо наздида эди, Каломуллоҳ Худо эди… Борлиқ У орқали бор бўлган, Усиз ҳеч нарса бор бўлган эмас. Неки бор бўлган бўлса, У орқали бор бўлган» (Юҳан. 1:1-3). Бу нарсани Юҳанно шу тарзда тушунтиради ва унинг фикрига ҳаворий Павлус ҳам қўшилади: «Кўкдаги ва ердаги борлиқ мавжудот, кўринадиган ва кўринмайдиган маҳлуқот, у
дунёю бу дунёдаги ҳар қандай тахту тож, салтанату ҳукмронлик У орқали яратилган. Ҳамма нарса У орқали ва У учун яратилган.
Унинг Ўзи эса ҳамма нарсадан аввал мавжуд эди. Борлиқ мавжудот Унинг соясида мавжуддир» (Кол. 1:16-17). Бу берилган гувоҳликка Ибронийларга Мактуб муаллифи ҳам ўз фикрини қўшимча қилади. Бунда муаллиф Масиҳ ҳақида У — Тангри шуҳратининг ёрқин нурида, У — Ўз Шахси тимсолини ифода қилади, У — ҳамма нарсани Ўз ҳокимияти ила қўллаб-қувватлайди, дея гувоҳлик беради. Ҳамма нарсанинг Худо иродасига бу тарздаги мутлақ қарамлигида муқаддасликка ҳам, гуноҳга ҳам имконият мавжуд. Инсондаги Худо сурати ва қиёфасининг хусусиятларидан бири бу унинг аҳлоқ доирасида эркин танлай билишидир. Азизлар, бордию бу мавзуга оид бирон бир фикр мулохазангиз бўлса, dilkash@najot.com электрон манзилига хабар йўлланг ёки www.najot.com сайтига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Хайир азизлар. Раббим сизларни мархамат қилсин.