3:52

Жамиятдаги хатти-ҳаракатимиз

MP3

Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, бугунги ибодатни жамиятдаги хатти ҳаракатларимиз мавзусига қаратишни мақсад қилдим. Бизни ўраб турган жамиятда бизлар, яъни хаётини Масиҳга топширганларнинг хатти ҳаракатлари қандай бўлиши лозим? Келинг, ушбу саволга жавоб топиш учун Бутруснинг биринчи мактубидаги иккинчи бобга назар солсак. “Эй севганларим, сизлардан ўтиниб сўрайман, жонга қарши курашадиган нафс эҳтиросларидан сақланинглар. Чунки сиз бу дунёда ғарибу мусофирсизлар. Мажусийлар орасида хатти-ҳаракатингиз бенуқсон бўлсин. Улар эзгу ишларингизни кўриб туриб, сизларни ёмонликда айблаб ғийбат қилсалар ҳам, маҳшар куни Худо олдида жавоб берадилар. Раббингиз ҳақи ҳар хил инсоний тартиб-интизомга бўйсунинглар; хоҳ олий ҳоким бўлган подшоҳга, хоҳ подшоҳ ўрнида ёмонлик қилганларни жазоловчи ва яхшилик қилганларни тақдирловчи ҳокимга бўйсунинглар.

Чунки Худонинг иродаси шуки, яхшилик қилиш билан ақлсиз ва жоҳил одамларнинг оғзига урасизлар. Озод одамлардек яшанглар, аммо озодлик ниқоби остида ёмонлик қилманглар. Худонинг қулларидай бўлиб юринглар. Ҳамма одамларни ҳурмат қилинглар. Имонли биродарларингизни севинглар. Худодан қўрқинглар. Подшоҳни эҳтиром қилинглар. (1Бутрус 2:11-17). Азизлар, хозир мен қўлларимни ибодат учун очаман, истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки бирга айтилган ибодат катта кучга эгадир. Осмондаги Отажон, бизни севиб нажот берганинг учун рахмат. Бизни шу қадар севдингки, хатто ягона ўғлинг Исо Масиҳни биз учун қурбон қилдинг. Худойим, бизга яшашни ўргат. Жамиятдаги хатти ҳаракатимиз бенуқсон бўлсин. Ҳар бир қилган ишимиз, гапирган гапимиз Сен муқаддасни улуғласин. Худойим, жонга қарши курашадиган нафс эҳтирослардан бизни Ўзинг сақлагин.

Раббимиз ҳақи ҳар хил инсоний тартиб интизомга бўйсунишни бизга ўргат. Хоҳ олий ҳоким бўлганга, хоҳ подшоҳ ўрнида ёмонлик қилганларни жазоловчи ва яхшилик қилганларни тақдирловчи ҳокимга бўйсунайлик. Худойим, бизларга озод ҳаёт кечиришни ўргатгин. Аммо озод ҳаёт кечираятганда, озодлик ниқоби остида ёмонлик қилмай, аксинча пок ҳаёт кечиришга Ўзинг бизга ёрдам бергин. Худойим, бизнинг атрофимизда доим одамлар бўлади. Улар билан қандай муомала қилишни, уларга қандай муносабат кўрсатишни ўзинг бизга ўргат. Худойим, Сенинг Руҳинг биз орқали гувохлик қилсин. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик, кимлар билан гаплашмайлик, доим Сенинг манфаатингни кўзлайлик. Хар бир қадамимиз, хар бир айтилган сўзимиз Сенинг муқаддас шоҳлигингни кенгайишига кетсин.

Жамиятдаги хар бир харакатимиз, хар бир сўзимиз пок ва виждонли бўлсин. Сенинг муқаддас номинг сўнгги нафасимизгача муқаддас бўлсин азиз Отажон. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top