MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, Масиҳга бўлган имонли ҳаётингиз қандай кечаяпти? Албатта, Масиҳда яшаш жуда яхшидир. Бундай ҳаёт одамга озодлик ва баҳт беради. Лекин бундай ҳаётда яшаш осон эмас. Чунки биз доим бу дунёнинг таъсири остида бўламиз. Шунинг учун ушбу баҳтли ва қийин ҳаётимизда биз имон учун курашиб яшашимиз керак. Келинг, бу ҳақда Худонинг Каломи нима дейишини кўриб чиқсак. Филиппиликларга 3чи бобда қуйдига оятлар бор. Мен аллақачон муродимга етишганман ёки аллақачон камолотга эришганман, деб айтаётганим йўқ. Лекин Исо Масиҳ менга етиб олганидек, мен ҳам мўлжалга етиб олиш учун жон куйдирмоқдаман. Биродарлар, мен ўзимни муродимга етишганман деб ўйламасам-да, фақат бир нарсанигина ўйлайман: орқамда қолганларни унутиб, олдимдагиларга кўз тикаман. Худо Исо Масиҳ орқали мени олий мақсадга чорлади.

Мен буни адо этиб, ғалаба гулчамбарини қўлга киритиш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан. Биздан кимки камолотга эришган бўлса, худди шундай фикр қилсин. Ким биз кўрсатган йўл-йўриқ бўйича яшаётган бўлса, унга эргашинглар. Мен сизларга тез-тез гапирар эдим-ку, Масиҳ хочининг душманлари каби иш тутаётган кишилар кўп деб. Энди улар ҳақида кўз ёшим билан сўзлаяпман: Уларнинг охири – ҳалокат, уларнинг худоси – қорин, уларнинг шон-шарафи – шармандагарчилик. Улар ердаги нарсалар ҳақидагина ўйлайдилар. Бизларнинг ватанимиз эса осмондадир. Азизлар, агар оятни тинглаган бўлсангиз унда бугунги ибодат мавзусини ҳам тушунган бўлсангиз керак. Тўғри, бугун имон учун курашиб яшашимиз учун ибодат қиламан. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки имон билан айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир.

Осмондаги Отажон, кўрсатган меҳру мухаббатинг учун рахмат. Худойим, ушбу дунёда яшар эканмиз, биз Сенинг ёрдаминга мухтожмиз. Худойим, худди Каломингда айтилганидек, бизга Масиҳ етиб олганидек, биз ҳам ўз ўрнимизда мўлжалга етиб олишимиз учун жон куйдирайлик. Худойим, бизга ҳам, орқамизда қолган одамларни унутиб олдимиздагиларга кўз тикиб, уларга хизмат қилишни ўргат. Сен бизни Исо Масиҳ орқали олий мақсадга чорладинг. Худойим, бизни шу қадар ўзгартиргинги, ҳаётимизни шу қадар ағдар тўнтар қилиб ташлагинки одамлар ҳаётимизни кўриб Сенга шукуроналар айтишсин. Худойим, хамма нарса Сенга тегишли, Сендадир барча хокимият. Худойим, берган имонингни маҳкам ушлашга ёрдам бер. Берган имонингни оҳиригача бут қилишимизга кўмакдош бўлгин. Худойим, Сен муқаддаснинг бағрида бўлиш ажойибдир.

Худойим, хизмат қилишни ўргат, имон учун бор кучимиз билан олдинга юришимизга ёрдам бер. Шоҳлигинг томон югурганимизда бизни ҳеч нарса тўхтата олмасин. Сенинг муқаддас номинг ҳаётимизнинг оҳирги сониясигача муқаддас бўлсин ё Худовандим. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top