3:47

Итоаткорлик нима?

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Мен суҳбатдошингиз Лола яна сизлар билан биргаман. Биз ўтган сафарги суҳбатимизда сизлар билан аёлнинг оиладаги роли ҳақида бироз сўз юритдик. Аёлнинг оиладаги вазифаси ҳақида тўлиқ гаплашганимиз йўқ. Бу ҳақида кейинги суҳбатларимизда гаплашамиз. Биз оиладаги ўз вазифамизни яхшироқ билиб олишдан олдин ўз вазифамизни мукаммал бажаришга ёрдам берадиган итоаткорлик ҳақида суҳбатлашсак. Чунки айнан шу мавзу жуда кўп аёллар учун муаммоли бўлиши мумкин. Итоаткор бўлиш бу – бутунлай эрнинг измида бўлиш ёки доимо сукут сақлаш дегани эмас. Худо хотинни эрга ёрдамчи қилиб яратган экан, у эри билан ўз фикрларини, қарашларини ва ҳис-туйғуларини ўртоқлашиши керак. Ҳар бир хотиннинг ўз дунёқараши, фикрлаши бор. У ҳамма мавзуда эрининг фикрларини қабул қилиши шарт эмас. У ўз фикрини айтиши мумкин. Итоаткор бўлиш фикрлашдан, гапиришдан махрум бўлиш дегани эмас. Хотинини севадиган доно эр бирор масалада охирги қарорни чиқаришдан олдин, хотинининг ҳам фикрларини эшитади. Агар оилада хотин ўз фикрини олға сураверса, хотиннинг фикри бўйича иш тутиладиган бўлса, иш мутлақо тескарисига кетиши мумкин. Худо оилдада хотиннинг биринчи бўлишини истамайди. Ҳар доим охирги қарор эрдан бўлиши керак. Чунки Худога бўйсунадиган эрга Худо Муқаддас Руҳни ва доноликни беради. Агар эрнинг қарори хотинга ёқмаса ёки тўғри келмаса ҳам эрнинг қарорига кўра иш тутиш керак. Хотин эрининг қарорини ўзгартиришга ҳаракат қилмасин. Хотин эрининг қарорини Худога топшириб, ҳотиржам бўлиб, кутиши керак. Хотин ўзини итоаткордай кўрсатиши ҳақиқий итоаткорлик эмаслигини айтиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. У мажбурият юзасидан эмас, шунчаки Худога итоатли бўлишни истагани учун эрига итоат қилиши керак. Агар Худо билан яқин муносабатда бўлишни истасангиз, Унинг амрларига итоат этишингиз керак. Хотиннинг ҳатти-ҳаракатлари ва қанчалик даражада итоаткорлиги, унинг Худованд билан муносабати қандай эканлигини кўрсатади. У бирор бир натижа оламан деб эмас, ўзининг ёрдамчи ва бўйсунувчи шахс эканини англаган ҳолда итоат қилиши керак. Бундай ҳолатда: «Эримнинг ўзи Худонинг айтганини қилмаса, мен қандай қилиб унга итоаткор бўламан”, — дейдиган аёллар ҳам топилади. Итоаткор бўлишингиз учун эрингизнинг ўзгаришини ёки Худога итоат қилишини кутманг. Шунчаки ўз вазифангизни бажаринг, қолганини эса Муқаддас Руҳга топширинг. Ҳозирги айтганларимиздан келиб чиқиб: «Нега фақат аёлнинг итоаткор бўлиши ҳақида гапиряпмиз-у, эркакнинг мажбуриятлари хақида ҳеч нарса айтилмаяпти”, — дейдиганлар ҳам топилади. Бундай ҳолатда шундай жавоб бераман: “Эрнинг вазифаси жуда қийин. У ўзининг қилган қарори натижаси, оиласига, хотинига ва болаларига билган ҳолда қарор қилади. У бирор масалада қарор қилиши учун доно бўлиши ва жуда эҳтиёткор бўлиши керак. Биздан талаб этиладигани эса унга бўйсуниш ва ёрдамчи сифатида унга хизмат қилиш. Унинг қилга қарорларининг яхши ёмон натижалари ҳаммаси унинг бўйнида бўлади.” Баъзи аёлларнинг назарида аёл киши эрдан анча паст даражада тургандай кўринса ҳам, Худонинг назарида уларнинг вазифалари тенг. Чунки Муқаддас Каломда шундай ёзилган: «Ҳар ҳолда, Раббимиз назарида хотин эркакдан мустақил эмас, ва эркак ҳам хотиндан мустақил эмас.” Эр хотиннинг боши, бироқ хотиндан эркак киши туғилиши ҳам ҳақиқат. Хотинга худди Раббига бўйсунгандай, эрига бўйсуниши кераклиги буюрилган. Нега? Чунки Худованд эрга оиланинг боши бўлиш вазифасини ва мажбуриятини юклаган. Агар аёл эрининг жиғига тегаверса, эр қайсар, асабий, бўлиб қолади. Бориб – бориб улар ўртасидаги илиқ муносабат совийди. Азизлар нима учун эрларимизга бўйсунишимиз керак? Бу ҳақида кейинги суҳбатимизда давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top