3:12

Тирноғингни ғажима

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Баъзида фарзандларимизнинг беиҳтиёр тирноқларини ғажишларига гувоҳ бўламиз. Бу нима одатми ёки касаллик? Шу саволга жавоб топиш учун тиббий китобларга ва сайтларга мурожаат қилдик. Маълум бўлишича, тирноқларни тишлаш одати тиббий тилда онихофагия дейилар экан. Баъзи ота-оналар фарзандида пайдо бўлган ёқимсиз одатга кераклича эътибор беришмайди. Шунчаки болани тенгдошларидан фақатгина салбий одатларни «кўчириш»да айблашади ҳолос. Тўғри, бу фикрда қисман жон бор, лекин бу одатнинг пайдо бўлиши бирмунча жиддий сабабларга боғлиқ. Мутаҳассислар онихофагияга бежизга энг кўп тарқалган патологик одат сифатида қарашмайди. Болалар педагоглари ва руҳшунослари бунинг энг асосий сабабини боланинг безовта руҳий ҳолатига боғлашади.

Одатда, катталар болалар ҳаётида бу одатга сабаб бўладиган даражадаги стресслар бўлмайди, деб ҳисоблашади. Бироқ биз катталар учун арзимас бўлган нарсалар ҳам болалар учун катта аҳамият касб этади. Агар фарзандингиз яна «гўдаклигига қайтиб қолса», яъни тирноғини тишлаш сингари одат чиқарса, демак унга илгарги эътиборингиз етишмаяпти. Балки болакай сиз хоҳлаган даражада «катта бўлиш»га тайёр эмасдир. Фарзандингизни «катталарча» қилган ҳар бир иши учун ошкора рағбатлантириб туринг, бироқ катталар ролини бўйнига илиб қўйманг. Кўпроқ қучоқланг, эркаланг. Агар уни ўзини «чақалоқларча» тутиши учун жазоласангиз, бу энг катта ҳатонгиз бўлади. Болани ҳис-туйғуларини тўғридан-тўғри ифодалашга ўргатинг. Унда агрессия йиғилиб қолмаслигига ҳаракат қилинг.

Агрессияни йиғилиб қолмаслиги учун болангиз билан бирга «бақириш» ўйинини ўшнаш ёки ёстиқ билан бир-бирингизни уриб ўйнашингиз мумкин. Ота-оналарнинг кайфияти ва ўзини тутиши болаларнинг асаб бузилишларига ҳам сабаб бўлади. Шунинг учун фарзандингиздаги тирноғини тишлаш одатини йўқотиш учун аввало ўзингиз ўзгаришингиз керак. У билан болаларча мириқиб ўйнанг. Бу боладаги хавотирлик, салбий ҳиссиётларни чиқариб ташлашда ёрдам беради.

Хуллас, бу касаллик эмас, патологик одат. Агар бунинг олдини олмасангиз, бола тери инфекцияларига чалинувчан бўлиб қолади. Мунтазам тирноғини тишлайдиган бола доим оғиз бўшлиғига инфекция киритади. Бу эса стоматит, фарингит, ангина касалликлари хавфини оширади.

Тирноғини тишлашга одатланган болада руҳий муаммолар ҳам юзага келади. Ота оналар боланинг бу одатини кўпроқ унинг ҳиссий ҳолатидан излашлари керак. Ўйин майдонидаги тушунмовчиликлар, боғча ёки мактабдаги стресслар, оиладаги зиддиятлар, ота-онанинг доимий тергашлари митти одамчанинг ич-ичидан ўзидан ва атроф-муҳитдан қониқмаслигига олиб келади. Бу одатни йўқотиш учун фарзандга кўпроқ эътибор бериб, оилада тинчлик муҳитини ушлаб туриш лозим. Агар бу одатни йўқота олмаётган бўлсангиз, невропатолог ёки психиатрга мурожаат қилинг ва албатта даволатинг. Болалар ҳақида қизиқарли маълумотга эга бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга бу борада етарлича маълумот беради. Фикр-мулоҳазаларингизни эса бемалол dilkash@najot.com электрон манзилимизга юборишингиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top