Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсизлар. Азизлар, бугун сизларга тинглаш ва амалга ошириш мавзусидаги Калом оятини эътиборингизга хавола этмоқчиман. Ёқуб мактубининг биринчи бобида қуйдаги оятлар битилган. “Эй севикли биродарларим, шуни билингларки, ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб вақтида оғир бўлсин. Чунки инсон ғазаби Худонинг одил ҳукмини амалга ошира олмайди. Шунинг учун ҳар қандай ифлосликни, кўп бўлиб қолган ёмонликларни бир четга йиғиштириб қўйинглар, Худонинг қалбингизга экиб қўйган каломини мулойимлик билан тан олинглар. Ана бу калом жонларингизни қутқаришга қодир. Ўз-ўзингизни алдаб, Худо каломининг фақат тингловчиларигина эмас, балки ижрочилари бўлинглар. ….Агар орангиздаги бирор киши ўзини диндор ҳисоблаб, тилини тиймаса, у ўз виждонини алдаган бўлади ва унинг диндорлиги бефойдадир.
Отамиз Худога маъқул тушадиган дин-диёнат поклик ва бенуқсонликни талаб қилади, яъни етим-есирларни қайғули кунларида йўқлаб боришимиз лозим ҳамда бу дунёнинг нопокликларидан ўзимизни тоза сақлашимиз керак. (Ёқуб 1:19-27). Азизлар, кўриб турганингиздек бугун мен айнан мана шу мухим мавзуда, яъни, тинглаш ва амалга ошириш учун ибодат қилмоқчиман. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Бордию ибодат қилишни билмасангиз, сира хижолат бўлманг, кетимдан қайтараверинг. Худойим, осмондаги севикли Отажон, бизни ибодат учун жамлаганинг нақадар ажойиб! Худойим, Сенга хизмат қилар эканмиз, бизни нафақат тингловчи бўлишимиз, балки, Каломингдаги хар бир ҳақиқатингни бажарувчиларидан қилгин. Ахир сўзда, оғиздаги имон бошқа, амалдаги имон эса умуман бошқадир. Худойим, бизни айнан тингловчи эмас, аксинча, амал қилувчи бўлишни ўргат.
Ҳар биримиз эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб вақтида оғир бўлайлик. Аҳир бизнинг ғазабимиз Сен муқаддаснинг одил ҳукмини амалга ошира олмайди. Бундай васвасалардан Ўзинг асра! Худойим, ушбу ҳаётда яшар эканмиз, нажотинг гувоҳлари бўлишни ўргат. Бунинг учун биз албатта сўзда эмас, айнан ҳаётимиз тарзи билан, юруш-туришимиз билан намоён этайлик. Худойим, кўзбўямачиликдан бизни узоқлаштир. Барча қиладиган харакатларимиз, хар бир айтадиган гапларимиз Сенинг Муқаддас Руҳинг билан қувватлансин. Одамлар билан гаплашар эканмиз, уларга хушмуомалалик билан Каломингдаги оятлар билан, у ердаги хақиқатларинг билан жавоб беришни бизга ўргат. Худойим, тилимизни тийишни ўргат. Ғазаб пайтида тинч бўлишни ўргат. Худойим, базан, ғазаб қилиб Сенинг иродангни бажаришдан узоқлашамиз. Худойим, бизга хақиқий хизматчинг бўлишни, айнан амал қилувчи хизматчи қилиб тарбиялагин. Ҳаётимиз фақат Сеникидир, ҳаётимизнинг хар бир сонияси, хар бир қадамимиз фақат Сеникидир. Худойим, шундай экан, хаммаси Сенинг ироданг билан амалга ошсин. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.