3:32

Худо иродасини адо этиш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарим. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азиз дўстим, нажотга кириб янги хаётга эга бўлганингиз билан муборакбот этаман. Аҳир, Худо билан яшаш нақадар ажойибдир. Чунки биз энди бу дунёга эмас, аксинча, Худонинг муқаддас шоҳлигига тегишлимиз. Шундай экан, биз энди шайтоннинг ёвуз иродасини адо этишнинг ўрнига Осмондаги Отамиз Худонинг иродасини адо этиш учун танланганмиз. Қизиқ, Худо иродасини адо этиш ҳақида Муқаддас Калом нима дейди? Келинг, буни билиш учун Филиппиликларга йўлланган мактубнинг 2чи бобига назар ташлаймиз. Эй севганларим, сиз доим менинг гапимга қулоқ солиб келдингизлар. Шундай қилиб, фақат олдингизда бўлганимдагина эмас, балки ҳозир менинг йўқлигимда яна кўпроқ қўрқув ва титроқ билан топган нажотингизни бут қилишга тиришинглар. Зотан Худонинг Ўзи сизларнинг вужудингизда амал қилади, У Ўз мурод-мақсадини адо этишингиз учун сизларда хоҳишни ҳам, ҳаракатни ҳам туғдиради.

Ҳамма нарсани нолимай ва шубҳаланмай қилинглар, токи бу ўжару бузилган насл орасида Худонинг пок, беғубор, бенуқсон болалари бўлинглар. Сизлар бу дунё одамлари орасида осмондаги юлдузлар каби порлаб турибсизлар-ку. Ҳаёт каломини маҳкам тутинглар, токи менинг меҳнату заҳматим беҳудага кетмасин ва Масиҳ оламга қайтган кунда сизлар менинг фахрим бўлинглар. Сизнинг имон йўлида қилган фидокорона хизматингиз Худо шарафига қурбондай гап. Мен Худога бу қурбонликни келтириб, ўз жонимни ҳам фидо қилишим мумкин. Шунга қарамасдан, севинаман ва сизларнинг шодлигингизга қўшиламан. Худди шу тўғрида сизлар ҳам севининглар ва менинг шодлигимга қўшилинглар. Азизлар, бугун мен айнан шу учун ибодат қиламан. Агар истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг. Чунки имон билан айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир.

Худойим, менинг Осмондаги севикли Отажоним, берган нажотингни бут қилишни ўргат. Бизга янги ҳаёт бериб, вужудимизда амал қиляпсан. Худойим, мурод мақсадингни адо этишимиз учун бизларда хоҳишни ҳам, харакатни ҳам туғдиргин.

Ҳамма нарсани нолимай ва шубҳаланмай қилайлик, токи бу ўжару бузилган насл орасида Сенинг пок, беғубор, бенуқсон фарзандларинг бўлишни ўргат. Худойим, Сен бизни бекорга танлаб олмадинг. Бизга нисбатан Сенда буюк режалар бор. Худойим, бизни шу қадар Руҳинга тўлдиргинки, ушбу дунё одамлари орасида осмондаги юлдузлар каби порлайлик. Ҳаёт каломингни маҳкам тутиш учун жон куйдирайлик. Худойим, Сен бизни жуда ҳам севдинг.

Бизга севгингни исбодтлаб бердинг. Масиҳинг орқали бизни бу ёвузлик ва гуноҳ жаридан тортиб олдинг. Шундай экан, энди бизга иродангни адо этиб яшашни ўргат. Муқаддас Руҳинг бизга бу масалада устозлик қилсин. Худойим, Сенинг муқаддас номинг биз учун сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Омин.Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top