Narrator 1 «Исо подшоҳ Ҳирод даврида, Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳарчасида туғилганидан кейин, шарқдан Қуддусга мунажжимлар келди. Улар: — Яҳудийларнинг подшоҳи бўлиб туғилган бола қаерда? Биз шарқда Унинг юлдузини кўрдик, Унга таъзим қилгани келдик — дедилар» (Мат 2:1-2).
Ассалому алайкум. Исо Масиҳнинг туғилиши ҳақида гап кетар экан, Унинг юлдузини кўриб, узоқ шарқдан келган инсонларни гоҳ мунажжимлар, гоҳ донишмандлар деб аташади. Нима бўлганда ҳам ўша мунажжимлар ўта доно кишилар бўлишган. Аввалги суҳбатларимизда айтганимиздек, Исо Масиҳнинг туғилиши бир неча юз йиллар аввал қайта-қайта башорат қилинган эди. Башоратга кўра, У шоҳларнинг Шоҳи бўлиши керак эди. Айнан шунинг учун ҳам бу башоратларни ўқиган ва унга ишонган мунажжимлар само ҳаракатларини кузатишган.
Narrator 2 Янги ва ёрқин юлдуз пайдо бўлгач эса тарихий манбаалар ва диний китобларни варақлаб, Унинг қаерда туғилишини аниқлаганлар. Биз бугун қадимий топилмалар, сирли ороллар ҳақида кичик маълумот қолган ва унинг ортидан тушган одамлар ҳақида фильмлар томоша қиламиз. Бу фильмларни томоша қилиш бизга завқ бағишлайди. Ўша пайтда Исо Масиҳ ҳақида ёзилган ва айтилган башоратларга кўра, изланган инсонлар мунажжимлар эди. Улар оддий инсонлар эмас эдилар. Жуда билимли ва ўткир шахслар бўлган. Бундай инсонлар табиийки шоҳ саройида ҳизмат қилади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, шундай узоқ сафарга чиқиш учун бекорчи инсон бўлишмаган. Бунинг учун шоҳдан рухсат олиб кейин йўлга чиқишган бўлса керак. Ундан ташқари, У ҳақида излана туриб, Унинг Нажоткор бўлишини, Худо томонидан юборилажак Масиҳ эканини аниқлаб, бунга чин дилдан ишонишган.
Narrator 1 Бугунги кунда ўта билимли инсонларнинг Худо каломига ишониши сал қийинроқ. Чунки улар ҳамма нарсани илмий исботини талаб қиладилар. Худо ишининг эса илмий исботи йўқ. У шундай ғайритабиий тарзда ишлайди. Мўъжизани илмий исботлаб бўлмаганидек, Худо ишини ҳам илмий талқин қилиб бўлмайди. Мана шундай юксак билимга эга бўлган инсонлар Худонинг башоратига ишониб, йўлга чиқишди. Бунинг учун шоҳдан рухсат, йўл учун тайёргарлик ва оғир шароитга кўникиш талаб этиларди ҳолос. Ҳа, яна ўзлари билан Нажоткор учун совға саломлар ҳам олишди. Уларнинг гапларига кўра, Исо Масиҳ яҳудийларнинг подшоҳи бўлиши керак эди. Улар шундай ишонганига кўра иккинчи таҳминни олға сурсак бўлади. Шоҳликлар-шоҳликларга совға юбориб турганидек, мунажжимлардан янги туғилажак чақалоқ ҳақида эшитган шоҳ уларни шаҳсан ўзи юборган бўлса ажаб эмас.
Narrator 2 Нима бўлганда ҳам, мунажжимлар яқин йўлдан келишмаган. Улар туғилажак болани қутлаш ва унга таъзим қилиш учун жуда узоқ йўл босиб, анча машаққат чекиб келганлар. Улар йўлда қандай қийинчиликларга дуч келгани ҳақида ёзилмаган, аммо узоқ йўл машаққатсиз, қийинчиликларсиз кечмайди. Шунга қарамай, улар ўз фикрларида собит қолдилар. Манзилга келиб, шоҳона совғаларни топшириб ортларига қайтиб кетдилар. Қайтиш олдидан, бу чақалоқнинг чиндан ҳам илоҳий бир қудратга, илоҳий шафоатга эга эканлигига амин бўлиб кетишди. Чунки ортга қайтишларидан олдин, тушларида Худованддан буйруқ олдилар. Хуллас, улар энг катта ишни бажарган, чин дилдан чақалоқнинг илоҳий Зот эканлигига ишонганларнинг дастлабкиси бўлдилар.