4:44

Аёл оила бошқарувчиси сифатида 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Азиз опа-сингиллар. Бугун ҳам сизлар билан суҳбатлашиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. Мен Лола сизларга доимо фойдали ва керакли бўлган маълумотларни беришдан чарчамайман. Чунки сизларга шундай маълумот бериш баробарида ўзим ҳам ўрганаман. Шундай экан биргаликда суҳбатлардан завқланайлик. Агар ёдингизда бўлса ўтган сафарги суҳбатимизда Маталларда ёзилган оятларга кўра бугуннинг аёли қандай бўлиши кераклиги ҳақида таҳлил қилган эдик. Бироқ таҳлилимиз тугамаган. Бугун ўша таҳлилни давом эттирамиз ва ўзимизнинг янги қирраларимизни очамиз.

17 оят: “Белини маҳкам боғлаб, қўлларига қувват беради.” ― Бугуннинг аёли яқин атрофдаги спорт залларидан бирига боради, ҳам соғлом ҳам кўркам бўлиш учун фитнес билан шуғулланади. 18 оят: “Қилган ишининг рохатини кўради, тунлари хам чироғи ўчмайди.” ― Унинг қўли гул. У ўзининг хунари, қилган ишлари билан қувонади. 19 оят: “Қўлини чархга қўяди, бармоқлари дукни тутади.” – У замондан орқада қолмайди. Доимо ўқийди-изланади. Янги –янги нарсаларни ўрганади. Ўрганганлари ҳаммаси оиласига фойдали бўлишини кўзлайди. 20 оят: “Камбағалларга қўлини узатади, муҳтожларга раҳм қилади.” – У атрофидагиларга қўлидан келганча ёрдам беради, ҳаста яқинлари ва қўшниларини йўқлаб туради. 21 оят: “Уй аҳли учун қиш-қировдан қўрқмайди, чунки улар ҳаммаси қалин кийинтирилган.” – У хар доим кейинги фасл учун олдиндан тайёргарлик кўради. Қиш бўлса олдиндан фарзандлари учун иссиқ кийимларни тайёрлайди, қўлидан келса улар учун иссиқ кийимларни ўзи тўқиб беради. 22 оят: “Ўзи учун сўзана тикади, либоси эса кимхоб ва шойидандир.” — У уй бекаси бўлса ҳам ўзининг севимли машғулоти билан банд бўлади. Унинг гардеробидан кийимлар ҳаммаси жуда юксак дид билан танланган. У доимо озода кийинади ва ташқи гўзаллигига ҳам эътибор беради. 23 оят: “Эри юрт оқсоқоллари орасида ўтиради, шахар дарвозаларида танилган.” – Унинг эри ён – атрофда ҳурмат қозонган. Ўз ишида ҳам катта муваффақиятлар қозонган. Буларнинг барига аёли сабаб. 24 оят: « Яна шойидан кийим тикиб сотади, савдогарларга белбоғ етказиб беради.” У бўш вақтини бекор кетказмайди. Бўш вақтини оиласи ҳамда бошқалар учун фойдали бўлган ишларга сарфлайди. Чин дилдан бошқалар учун ибодат қилади. 25 оят: “Либоси қувват, шараф. У келажакка қараб қувонади.” – Жозиба ва ўз – ўзига бўлган ишонч уни безайди. Келажак ҳақида ўйлаганда доимо яхши нарсаларни ўйлайди, ва доимо яхши нарсаларга умид қилади. Қийин ҳолатда ҳам тушкунликка тушмайди. 26 оят: “ Донолик билан сўзлайди, меҳр билан насихат қилади.” — У Муқаддас Каломдан олган донолиги билан сўзлайди, унинг ҳаёти ва меҳрибонлиги бошқалар учун намуна бўлади. 27 оят: “ Уй аҳлига яхши қарайди, дангасалик қилмайди.” – У оиласидагиларга жуда ғамхўр. У телевизор олдига ўтириб олиб, фильм кўриб ёки телефонда дугоналари билан ғийбатлашиб ўтирмайди. 28 оят: “Болалари туриб дуо қилади, эри хам мақтайди”. – Бундай аёлнинг болалари уни севади ва хурмат қилади. Эри ҳам ундан ўзининг ширин сўзларини ва мақтовларини аямайди. 29 оят: “ Фаросатли аёллар кўп, аммо сен ҳаммасидан аълосан.” – Бугунги куннинг аёлига эри шундай дейди: “Сен мен учун жуда қадрлисан. Худо менга ажойиб хотин берган. Сен мен учун Худодан олган энг катта мукофотимсан”. 30 оят: “Жозиба алдамчи, чирой эса ўткинчидир, аммо Худодан қўрқадиган аёл кўкка кўтарилади.” — Ташқи томондангина чиройли ва гўзал бўлган аёллар ёлғончи ва ахлоқсиз бўлиши мумкин, аммо Худодан қўрқадиган аёллар доимо яхши ном чиқаради. 31 оят: “ Меҳнатининг мевасини кўрсин, ишлари дарвозаларда уни шарафласин.” ― Уни яхши биладиганлар ва фарзандлари унинг қилаётган ишларини кўриб завқланади. Уни мақтайдилар. Юқорида биз айтган таҳлилларнинг бари хозирги замон аёлининг Маталларга кўра сифати эди. Агар ҳамма сифатларни диққат билан тинглаган бўлсангиз, ҳамма сифатларда унинг оиласига бўлган ғамхўрлигини кўришингиз мумкин. У нимаики қилса оиласининг равнақи учун қилади. Аввалги суҳбатимизда айтганимиздек аёл киши тўқувчи. У турли рангдаги иплар билан оила аталмиш матони тўқийди. Унга чиройли ранглар ва безаклар беради. Азизлар сизнинг оилангиз хам шундай гўзал эканига аминман. Кейинги суҳбатларда дийдорлашгунга қадар омон бўлинг!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top