3:12

Икки киши

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Дунёда яшайвергани сари инсон ё доно бўларкан ё нодон. Дунёда биздан анча аввал яшаган бир воиз, Худо марҳамати билан доно бўлди. Доно инсон дунё ва ҳаёт ҳақида қандай фикрлайди? Унинг атрофда бўлаётган нарсаларга муносабати қандай бўлади? Боринг-ки, ҳаётнинг энг муҳим қисми бўлган оилага муносабати қандай? Буни билиш учун Муқаддас Каломда ёзилганларига мурожаат қиламиз. У шундай дейди: «Бу дунёда яна бир беҳудаликни кўрдим. Мана, бир киши – ёлғиз, унинг фарзандлари ҳам, ака-укалари ҳам йўқ. У тиним билмай меҳнат қилади, кўзи эса бойликка тўймайди.» Бу инсон ҳақида нима деб ўйлайсиз? У киши меҳнат қилиб бойлик тўплаётган пайтда атрофида ёки ёнида яқинлари йўқлиги ҳақида ўйламайди. У фақат қандай қилиб бўлса ҳам яхши ҳаёт кечириш ва кўпроқ қулайликларга эга бўлиб, бу дунёда эришиш мумкин бўлган барча роҳатларни ҳис қилиб яшашни ўйлайди.

Narrator 2 Шундай бўлса, бу одам ҳақида яна нима дейиш мумкин? «У: «Ким учун ишлаяпман, нима учун ўзимни роҳат қилишдан қисяпман?!», — демайди. Бу ҳам беҳудадир. Қайғули ишдир.» Чиндан ҳам бу дунёда ёлғиз бўлиш, ҳеч қандай яқини бўлмаган кишининг ҳаёти қайғулидир. Унга албатта ёнида шерик бўладиган, унинг дардларига дардкаш, шодлигига қувонадиган инсон керак. Инсон ёлғиз бўлмаса, олдида турган ҳар қандай қийинчиликни енгади. Воиз ҳам шундай дейди: «Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар. Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди». Бу олтинга тенг сўзлар оилага нисбатан айтилган. Чиндан ҳам оилада эр-хотин бир мақсад учун бирга ҳаракат қилишса, улар ўз ишлари учун бир кун келиб мукофот оладилар.

Narrator 1 Оила муаммоларини енг шимариб биргаликда ҳал қилса, улар осон битади. Оилада бажариш керак бўлган ишларни ҳамфикрлик билан бажарсалар, ҳаракатлари осон ва мақсадлари аниқ бўлади. Агар фарзандлар катта бўлса, уларни ҳам ота-она ўз ёнига олади. Бутун оила ҳамфикр ва баҳамжиҳат бўлиб амалга оширилган иш албатта муваффақиятли бўлади. Каломда ёзилганидек: «Икки киши бирга ётса, совуқ қотмайдилар, агар киши бир ўзи ётса қандай қилиб исинади?! Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади. Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир». Чиндан ҳам шундай. Ҳаёт қийинчиликлари ёлғиз кишини йиқитиши мумкин, бироқ ёнида турғизадиган одами бўлса, ундай одам қийинчиликлардан қўрқмайди, уларга енгилмайди ҳам.

Narrator 2 Ҳаётда нафақат қийинчилик балки сизга қарши турадиганлар ҳам бўлади. Адолатсизлик ва шафқатсизлик тўлиб кетган бу дунёда ёлғиз яшаш осон эмас. Аммо ёнида мададкори, ҳамдарди ва ҳамфикр инсони бўлган одамни енгиш анча мунча қийинчиликнинг қўлидан келмайди. Чунки бундай одам, йиқилса ҳам ўрнидан туриб олға давом этишни билади. Оила аъзолари бир-бирига меҳрибон, қўллаб қувватлайдиган, бир-бирини тушунадиган бўлсалар, бундай оилага фақат ҳавас қилиш мумкин. Улар баҳамжиҳат бўлиб анча-мунча қийин ишни бажара олади. Мана шундай оилани бунёдга келтиришни истаган ота-она энг аввало меҳрибонликда фарзандларига ўрнак бўлиши, уларга ҳам яқинларга қандай муносабатда бўлишни, биргалашиб ҳаракат қилишни ўргатишлари керак. Азизлар, оила ва фарзандлар борасида ютуқлар ва муаммолар ҳақида билишни истасангиз, www.najot.com сайтимиз сизга бу маълумотларни бажонудил тақдим қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top