3:20

Ота масъулияти

MP3

Ассалому алайкум пурвиқор мард оталар. Қадимдан падари бузруквор ҳурмат ва эҳтиромга муносиб зот саналади. Ота ўтирган уйнинг томига чиқишни гуноҳ деб билганлар. Унинг гапни синдириш тугул, юзига тик боқишга ҳам тарбияли оила фарзандларининг ҳадди сиғмаган. Чунки ота фарзандларининг бошларига соябон бўлган. Фарзандлар ҳам моддий ҳам маънавий жиҳатдан отасининг ёрдамига эҳтиёж сезишган. Ўз ўрнида оталар ҳам оила ва фарзандлари олдидаги маъсулиятни унутишмаган. Лекин, ҳозир-чи?

Ҳозир замон бошқа – дейдиганлар кўплаб топилади. У замонда аёллар ҳам эрларини бошларига кўтаришарди, дейди баъзи эркаклар. Бироқ эркакларнинг бунчалик ўзгариб кетишига, оталарнинг ўз оиласидаги масъулиятини бўйнидан соқит қилишига нима сабаб? Замон аёл кишининг ҳам ишлашини, эрига кўмаклашишини тақозо этади. Аёл ишлагач, эр бир оз бўлсада, рўзғордаги юкидан, пул топиб, оилани таъминлаш юкидан ҳалос бўлади, бу нарса уни дангаса қилиб қўймасмикан? У билан бирга тенгма-тенг ишлаб пул топаётган аёли ишдан келгач, «Нега кеч келдинг?», «Овқатинг ҳали ҳам тайёр эмас!» «Болаларга қарамайсанми?», — каби терговлари ошиқча.

Тўғри айтасиз, аёл эрининг дангасалиги, лоқайдлигидан рўзғор юкини ўз бўйнига олишга мажбур бўлади. Фақат бугина эмас, фарзандларининг маънавий тарбияси ҳам бус-бутунлигича оналар зиммасига ўтган. Ҳеч эътибор қилганмисиз, мактаблардаги ота-оналар йиғилишларига фақат аёллар боради. Мақтовни ҳам, танбеҳни ҳам оналар эшитишади. Пул йиғиш масалалари ҳам улар зиммасида. Камига ўқитувчиларнинг аксарияти ҳам аёллар. Бундан кўриниб турибдики, фарзандлар хулқ-атвори, ўқишини назорат қилишдек масъулиятни ҳам оталар четлаб ўтишаяпти.

Бу масалаларга эътибор қилмаган эканман. Тўғри айтасиз, бугунги кунда аёллар ҳам эрлари билан тенгма-тенг ишлашади. Ундан ташқари уй-рўзғор ишлари, фарзанд тарбияси, мактабларга бориш, пул йиғиш масалалари, болаларнинг уй вазифаларига ёрдамлашиш, эрнинг кўнглини олиш, унга эътиборли бўлиш…вой бўўў. Шунча ишни қилишга қандай улгуришади? Қачон ўзлари учун вақт ажратишади? Мана шундай оғир юклар унинг нозик елкасига оғирлик қилмасмикан?

Албатта оғирлик қилади? Аёл фақат оила роботи эмас. У энг аввало аёл. У ҳам эридан ғамхўрлик кўргиси келади. Эрининг ёрдам беришига муҳтож. Бироқ эрдан садо чиқмагач, ташаббусни ўз қўлларига олиб кетаверадилар-да! Бу бир томондан яхши эмас. Нега дейишга шошманг. Ўзим тушунтириб бераман. Аёл ҳамма эркак масъулиятини ҳам ўзига олавермаслиги керак. Бу билан улар эрларини дангаса қилиб қўядилар. Эркакнинг иши ҳам ўз-ўзида хотиннинг зиммасига тушиб, эрлар ўзи шундай бўлиши керакдай, ҳис қиладилар. Аксинча, эр то ўз масъулиятини бўйнига олмагунча, аёллар қийналса ҳам кутиб, уларни секин-секин туртиб туришлари керак.

Тўхтанг-тўхтанг, эркакларни бутунлай масъулиятсиз, дангаса ва ялқовга чиқариб қўйманг-да. Ишдан кейин ҳам аёлига, болаларига қарашадиган эрларни кўп кўрганман. Улар болаларининг ўқишларига, билим олишларига эътиборсиз эмаслар. Ота-оналар мажлисларига қатнашмасалар ҳам, билим олишлари учун ҳамма шароитни яратиб берадилар. Улар оилада ОТАлик масъулияти борлигини ҳис қиладилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top