Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчилар. Бугун эрамизнинг 30-40 йиллари орасида содир бўлган воқеа ҳақида суҳбатлашиб, Масиҳнинг шогирдлари берган гувоҳликни тинглаймиз. Уларнинг бари бир нарса ҳақида гувоҳлик беришган. Бу – Ер юзига инсоният гуноҳларини ўз бўйнига олиш учун, инсонларни Худованд билан яраштириш учун келган Масиҳнинг тирилганлиги ҳақидаги гувоҳлик эди. Бу гувоҳликни биринчи бўлиб Исо Масиҳ тириклигида Унга эргашган ва Масиҳни ҳаддан зиёд севган Марям берган эди. Каломда бу ҳақида шундай дейилади: «Ҳафтанинг биринчи куни эрта саҳарда, ҳали қоронғи пайтда, магдалалик Марям қабрнинг олдига келиб, қабр оғзидаги тошнинг ағдарилганини кўрди. У югуриб, Симон Петр ва Исонинг севган бошқа шогирди олдига келди-да: — Раббимни қабрдан олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмаймиз – деди.»
Narrator 2 Бу ҳақида иккинчи бўлиб билганлардан Симон Бутрус бўлди. «Ўша заҳоти Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди. Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди. У энгашиб ичкарига кўз ташлади, у ерда фақат кафан ётганини кўрди. Ўзи қабрга кирмади. Унинг ортидан Бутрус етиб келиб, қабрга кирди-ю, ётган кафанни кўрди. Исонинг бошига ўралган рўмол эса кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди. Шундан сўнг шогирдлар уйларига қайтиб кетишди. Марям эса қабр олдида турганча, йиғларди. … Шунда оқ кийим кийган икки фаришта: — Эй аёл, нега йиғлаяпсан?» — дейишди. – Раббимни олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмайман, — деди у. Шундай деди-ю, орқасига бурилиб, турган Исони кўрди. Лекин унинг Исо эканини билмади. – Исо унга: — Марям! – деди. – Раббуний! – деди Марям.»
Narrator 1 Шундан сўнг, Марям Исонинг бошқа шогирдлари олдига бориб: — Мен раббимни кўрдим! У тирик, — деди ва Исо унга нималар айтганини айтиб берди. Бир қанча вақт ўтганидан кейин шогирдлар якшанба оқшомида бир уйда тўпланишди. «Шу пайт Исо келиб қолди. У ўртада туриб шогирдларига: — Сизларга тинчлик бўлсин!», — деди. Бу воқеадан шогирдлар ҳаддан зиёд севиндилар. «Инсон Ўғли ўлиб учинчи куни тирилади», — деган гапини эслаб, Унинг ҳақлигини англадилар. Кейин эса Исонинг Фома деган яна бир шогирдига бу ҳақида гувоҳлик бердилар. Бироқ Фома бунга ишонмади: «Мен Унинг қўлларидаги мих чандиқларини кўрмагунимча, қўлимни Унинг биқинига қўймагунимча, ишонмайман», — деди. Исо Фоманинг олдига келди. Фома қўлларини Исонинг қўлларига ва биқинига қўйиб, Раббийнинг тириклигига имон келтирди.
Narrator 2 Фақат бу эмас, Исо Масиҳ ўлиб тирилганидан кейин, Уни кўрмай қолган шогирдлар, тушкунликка тушиб, ўз юртларига қайтиб кетаётганида, йўлда бир одам уларга дуч келди. Улар узоқ вақт Исо Масиҳнинг ишлари, ўлими ва тирилди, — деган миш-мишлар юргани ҳақида гапириб кетишди. Бу йўловчи Исонинг Ўзи эди. Икки шогирд уни таний олишмади. Ниҳоят кеч кириб, бир жойда тўхтаб, кечки овқат қилиш керак бўлганида, Исо Масиҳ, нонни олиб, шукрона дуосини ўқиб синдирганида, шогирдларнинг кўзлари очилиб, Масиҳни таниб қолишди. Шу воқеадан сўнг улар шошиб, яна ортга қайтишди. Шогирдларга Исо Масиҳнинг тириклиги ҳақида ишонарли гувоҳлик берганлардан бўлишди. Бу гувоҳликлар ҳозиргача ҳақиқат. У тирик, сиз-у, биз билан бирга. У бизни ҳеч қачон тарк этмайди.