3:02

Бутруснинг гувоҳлиги

MP3

Narrator 1 «Инсонлар кераксиз деб ташлаган, лекин Худо қимматбаҳо деб танлаган тирик тош – Раббимиз Масиҳга яқинлашинглар»(1Петр 2:4).

Ассалому алайкум. Кимнингдир ўз бошидан ўтказганлари, биз оддий тингловчилар учун сабоқ бўлади. Улар ҳаётида кўрганларини гапириб берадилар, биз эса унинг гувоҳлигидан, ҳаётида кечирганларидан ўзимизга тегишли хулоса чиқариб оламиз. Кимдандир эшитгандан кўра шу нарсаларни инсон ўз кўзи билан кўрса, шуни ҳаёти давомида бошидан ўтказса, Худога яна ҳам яқинроқ бўлади. Шунга қарамай, сиз эшитаётган гувоҳлик энг ишончли одамдан бўлса, бунга ҳам ишонмасдан иложингиз йўқ. Бугун айнан ўшандай ишончли одамлардан бирининг гувоҳлигига қулоқ тутамиз.

Narrator 2 Бу ҳаворий, Исо Масиҳнинг шогирди, ҳамма Исо Масиҳ билан бўлган воқеаларни ўз кўзи билан кўрган Бутрусдир. У шогирдлар орасидан Исо Масиҳнинг Масиҳлигини тан олган, шунга гувоҳлик берган ҳаворий эди. «…Исо Ўз шогирдларидан сўради: — Одамлар, Мени, Инсон Ўғлини, ким деб ҳисоблайдилар? – Баъзилари Яҳё пайғамбар деб, бошқалари Илёс пайғамбар деб, яна бирлари эса Еремия ёки бўлак пайғамбарлардан бири деб ҳисоблайдилар, — деди шогирдлар. Исо улардан: — Сизлар-чи, Мени ким деб ҳисоблайсизлар? – деб сўрагач, Симон Бутрус жавоб бериб деди: — Сен барҳаёт Худонинг Ўғли – Масиҳсан!» (Мат 16:13-16). Бу ҳаворий Бутруснинг Исо Масиҳ ҳақидаги биринчи гувоҳлиги эди. У ҳаётида доимо бирга юрган, сўзларини тинглаган, Исо Масиҳнинг чиндан ҳам Масиҳлигини, илоҳий Зот эканлигини англаб, юқоридаги сўзларни айтган эди.

Narrator 1 Ҳаворий Бутрус Муқаддас Ëзувларни жуда яхши биларди. Исо Масиҳдан олдин яшаб ўтган пайғамбарларнинг ёзганларидан боҳабар эди. Шунинг учун ҳам у бошқаларга Масиҳ ҳақида гувоҳлик берар экан, Муқаддас Ëзувлардан далил келтирди: «Инсонлар кераксиз деб ташлаган, лекин Худо қимматбаҳо деб танлаган тирик тош – Раббимиз Масиҳга яқинлашинглар. Ўзларингиз ҳам тирик тош бўлиб руҳий бино барпо этинглар. Исо Масиҳ орқали Худога мақбул, руҳий қурбонлик келтирадиган муқаддас руҳоний бўлинглар. Мана Тавротда Худо шундай деган: «Мен Сионда бир тош ўрнатгайман, Мумтоз, қимматбаҳо пештоқ тоши бу. Унга ишонган киши ҳижолат бўлмас». Сиз ишонувчилар учун бу тош қимматбаҳодир. Аммо имонсизларга шу оят тўғри келади: «Қурувчилар кераксиз деб ташлаган тош нақ бинонинг пештоқидан жой олди. Тўсиқ тошию, васваса қояси бўлди.» Имонсизлар Худонинг каломига итоат қилмаганлари учун қоқинадилар.» (Петр 2:4-8).

Narrator 2 Ҳаворий Бутрус Масиҳнинг Масиҳлиги ҳақида гувоҳлик берар экан, Унинг чиндан ҳам Масиҳлигини ишонарли далиллар билан, ҳаётида содир бўлганларини сўзлаб бериш билан тасдиқлайди. У бошқа имонлиларга ёзган хатида шундай деган эди: «Биз Раббимиз Исо Масиҳнинг куч-қудрат билан келиши ҳақида сизларга маълумот берганимизда, уйдирма афсоналарни гапириб келмадик. Унинг салобатини ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Масиҳ Отаси Худодан ҳурмат ва шон-шараф қабул қилди. Улуғворлик тўкиб турадиган даргоҳи шарифдан Масиҳга бир садо келиб: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан манмунман», — деди. Биз азиз тоғда У билан бирга бўлдик, осмондан келган бу садони ўзимиз ҳам эшитдик» (2 Петр 1:16-18). Бу ҳаворий Бутруснинг Масиҳ ҳақида берган энг ишонарли гувоҳлигидир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top