3:39

Саволларга жавоб

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун Исо Масиҳ ҳақида кўп эшитган, ўзи ҳар икки Китобдан ҳам далиллар қидириб, ҳақиқатни топишга ҳаракат қилган бир биродар ҳақидаги гувоҳликни эътиборингизга ҳавола қиламиз. У шундай дейди: “ Мен шунча изланишларим, топганларим ва ҳайратда қолганларимга қарамасдан, ҳали ҳам Исони инсондан кўра буюкроқ Зот, деб қабул қила олмасдим. Лекин нима бўлганда ҳам уларнинг Исо ҳақидаги гапларини Исо пайғамбарнинг Ўзи ҳеч қачон айтмаганлигига шубҳам йўқ эди. Менинг масиҳийликни тушунишдаги қийинчиликларим ислом билан масиҳийликни ажратган тарих йўллари билан қаттиқ боғланган эди. Мен Инжилдаги ҳужжатларнинг, айниқса, Исонинг гаплари ёзилган  жойларининг ишончли эканига ҳеч қанақасига ишонолмасдим. У ҳеч қачон тўғридан-тўғри: “Мен Худоман ва сиз Менга сажда қилишингиз керак”,- демаган.

Narrator 2 Шунинг учун масиҳийлар Исога тахминий ва тарихан ишончсиз бўлган Хушхабар китоблари асосида  ишонишади, деб ҳисоблардим. Исони тасвирловчи ажойиб гаплар анча кейинги масиҳийлар томонидан кашф қилиниб, кейин буларни Исо айтган деб чиқаришган, деб ўйлардим. Шундай ташвишли ўйларда юрган пайтларим эди. Бир куни эрталаб уйғондим ва Ишаъё пайғамбар ёзган китобнинг тўққизинчи бобидаги бир оят мазмуни тўсатдан миямга чақмоқдек урилди. Мен бу оятни бир неча ҳафта илгари ўқиган эдим, лекин унинг маъносини ҳалигача тушунмагандим. Унда шундай дейилади:  “Худованднинг Ўзи сизларга белги берур: “Қиз ҳомилали бўлғай ва ўғил туққай, Унинг исмини эса Иммануил қўюрлар”. Ишаъё тўққизинчи бобда яна давом этиб дейди:  “… келажакда У (Худо) денгиз бўйлаб ўтган йўлни, Ўрдун ортидаги мамлакат — мажусий Жалилани улуғлайди.

Narrator 1 Зулматда юрган халқ буюк нурни кўради. Ўлим сояси мамлакатида яшаётганлар устидан буюк нур порлайди. Чунки биз учун Чақалоқ туғилади. Бизга Ўғил берилади. Унинг елкаларига ҳукмронлик юкланган ва Уни шундай исмлар билан атайдилар: Ажойиб Маслаҳатчи, Қудратли Худо, Барҳаёт Ота, Тинчлик Шаҳзодаси. У ўрнатган ҳукмронликнинг ва тинчликнинг чеки йўқ. У Довуднинг тахтида ўша кундан то абад ҳукмронлик қилади”. Мен бунга ишона олмасдим! Наҳотки нажоткор Масиҳ шунчаки бир пайғамбар эмас, балки Қудратли Худонинг Ўзи бўлса! Наҳотки бу ҳақиқат Масиҳдан бир неча йиллар ёки асрлар кейин эмас, балки Унинг келишидан етти юз йил олдин Тавротда каромат қилинган бўлса! Бу Худованднинг ваъдаси эди. У танада келишга ва абадий давом этувчи Ўз Шоҳлигини ўрнатишга ваъда берган эди. Фақатгина бу эмас, Исо Масиҳнинг келишини бошқа пайғамбарлар ҳам башорат қилишган ва бу башоратлар амалга ошишини яхудийлар жуда интиқлик билан кутишган.

Narrator 2 У келганидан кейинги воқеалар башорати ҳам мени ҳайратга солди. Унинг ўз юртида қабул қилинмаслиги, хочга михланиши ва яна бошқа башоратлар айнан Инжилда ёзилганлари билан бир хил эди. Мен кейинги кун 1985 йил 20 январда Масиҳга имон келтирдим. Масиҳга мурожаат қилиб ибодат қилар эканман, ўзимни тўхтатолмай тинмай йиғлардим. Гуноҳнинг оғир юкини ҳеч қачон ҳис қилмаган бўлсам-да, лекин нимагадир чексиз тинчлик ва гуноҳнинг оғир юкидан озод бўлганимни ич-ичимдан ҳис қилардим. Ниҳоят, Худонинг ҳақиқатини ва Исо Масиҳда инсониятга кўрсатган севгисини топишим орқали келган ором ҳаммасидан ҳам буюкроқ лаззат эди. Ҳаётимдаги бу қувончли ўзгаришдан кейин мен Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бошқа мусулмонлар ҳам, айниқса, юртимдаги одамлар ҳам билиши керак, деб ўйлай бошладим ва ҳаётимнинг қолган қисмини шу ишга бағишлашга қарор қилдим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top