Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчилар. Агар ёдингизда бўлса ўтган сафарги суҳбатимиз Исроил халқи ичидаги Рубен ва Гад қабилалари ҳақида бўлган эди. Уларнинг қарори ва Худонинг уларга нисбатан мақсадини кўриб чиқишга бир қадам ташладик. Бугун эса бу ҳақида кенгроқ ва батафсилроқ ўрганамиз. Ўзингиз билганингиздай, Гад ва Рубен қабиласидагилар Иордан дарёсининг улар турган жойи жуда чорвабоп эканини кўриб, Иорданнинг нариги томонига ўтишни истамадилар. Улар Мусонинг олдига бориб: «Агар биз қулларингиз сизнинг илтифотингизга сазовор бўлган бўлсак, биз овора бўлиб Иорданнинг нариги томонига ўтмай қўя қолайлик. Мана шу ерларни бизларнинг мулкимиз қилиб берсангиз» — деган эди. Бу сўзларни айтиш учун инсон ўта сурбет бўлиши керак.
Narrator 2 Бундан табиийки Мусонинг ҳам жаҳли чиқди. У Рубен ва Гад қабиласидагиларга шундай деди: «Бир пайтлар сизларнинг оталарингизни ҳам айғоқчилик қилиш учун шу ерларга юборганимда, улар ваҳимага тушиб, Худога ишонмай, бутун Исроил халқини Канъонга кирмасликка ундаган эди. Уларнинг қилган гуноҳи туфайли Исроил халқи бир неча йиллар шу ерларда тентираб юрди. Энди сиз ҳам оталарингизнинг йўлидан бораяпсизлар. Қандай қилиб оғир дамда биродарларингизни ташлаб кетасиз?! » Лекин Рубен ва Гад қабилалари Мусога яқинлашиб шундай дейишди: «Биз бу ерда сурувларимиз учун қўй қўралари, бола-чақаларимиз учун шаҳарлар қурамиз. Ўзимиз эса қуролланиб, Исроил халқини уларнинг юртига жойлаштирмагунимизча сафнинг бошида борамиз.»
Narrator 1 Тўхтанг, «Исроил халқини» дедими? Нега халқимизни эмас «Исроил халқини»? Ўзларига боп жойни топиб олиши билан ўзларини Исроил халқидан алоҳида деб ҳисоблашмоқдами? Ахир улар ҳам Исроил халқининг бир бўлаги-ку?! Келинг, улар яна нималар деганини кўриб чиқамиз. «Шу аснода болаларимиз мустаҳкам шаҳарларда қоладилар, маҳаллий халқлар уларга хавф солмайди. Исроил халқининг ҳар бири ўз мулкига эга бўлмагунча, биз уйимизга қайтмаймиз. Биз Иордан дарёсининг нариги томонидан ўзимизга мулк олмаймиз, чунки бизнинг мулкимиз Иорданнинг бу томонида шарқ томонида бўлади.» Уларнинг бу гапидан сўнг Мусо ўйлаб, шундай деди: «Агар сизлар ҳақиқатдан ҳам айтанингизни қилсангизлар, Эгамиз олдида жанг қилиш учун қуролланинглар. Эгамиз ўша юртни таслим қилгандан кейингина, шу ерга қайтиб келишингиз мумкин.»
Narrator 2 Мусо пайғамбарнинг сўзларига кўра, агар улар сўзларининг устидан чиқсалар, Худованд ва Исроил халқи олдидаги мажбуриятидна озод бўладилар. Агар шундай қилмасалар, Худовандга қарши катта гуноҳ қилган бўладилар. Улар ҳаммасини бажаришга ваъда беришди. Шундан кейин Мусо Гад билан Рубен қабилаларига ҳамда Юсуф ўғли Манаше қабиласининг ярмига Амор шоҳи Сихўннинг юрти билан Башан шоҳи Ўгнинг юртини – уларнинг жамики ерлари ва шаҳарларини, шаҳар атрофидаги ўлкаларни берди. Улар Худованднинг айтганидай қилиб, ундан ҳам яхшироқ ерларни олиши мумкин эди. Бироқ ундай қилишмади. Мана бугунги кунда бир пайтлар бир халқ бўлган одамлар икки алоҳида халққа ажралиб қолди. Иордан дарёсининг бериги томонида қолган халқ бугунги кунда Иордан деб аталади. Дарёнинг нариги томонидаги халқ эса Исроил халқи саналади.