Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчилар. Худованд инсониятни фаҳм-фаросатли, оқ билан қорани ажрата оладиган, турли ишларга қобилиятли қилиб яратгани учун ҳам ўтмишда ҳам бугун ҳам ихтиролар қиладиган олимлар, чуқур ва маъноли фикрлар берадиган файласуфлар, тарихчилар ва бошқа соҳадаги олимлар бор. Бугун яратилаётган нарсаларни кўриб, инсон қилган ишларни эшитиб, инсон зотига «Бале», — деб юборганини билмай қолади киши. Назаримизда инсоният ақли етмайдиган нарсалар қолмагандек. Бу шундай кўринади ҳолос. Аслида инсоният қила олмайдиган ишлар талайгина эканини ҳар бир одам ҳаётга Худонинг назари билан қараганда билиб олади. Биргина оддий мисол келтираман, Муқаддас Каломда ёзилишича, инсон Масиҳга фақатгина Худонинг иродаси билан келади. Келинг, яхшиси шу парчани тинглайлик:
Narrator 2 «- Агар Мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, у Менга ҳеч ҳам етишолмайди» (Юҳ 6:44). Бу ҳазрати Масиҳнинг гаплари. Худонинг Муқаддас Руҳи кимнингдир юрагида ишламагунча, у одам Худога интилмайди. Тасаввур қилинг, қўшнингиз, дўстингиз ёки фарзандларингиздан бири руҳий нарсалар ҳақида билишни истаб қолди. Агар шундай бўлса, бу шубҳасиз Худонинг иши. Фақат Худогина инсонлар юрагида ишлаб, Ўзи ҳақида билиб олишга, Ўзига яқинлаштиришга ундайди. Худо ўша одамнинг ҳаётида ва юрагида ишлагани учун ҳам у Худони қидиришни бошлайди. Агар Худонинг фарзанди мана шу ҳақиқатни билиб олиб, атрофидагиларнинг ҳаётига диққат билан назар солса, шундай одамларни кўради. Бу эса унга ўша одам ҳақида ибодат қилишга имкон беради. Атрофингиздаги одамлар ҳаётига бефарқ бўлмасангиз, улар Худони қидираётганларини кўрасиз ва улар ҳақида ибодат қилиб, Худонинг ишини кузатасиз.
Narrator 1 Яна фақат Худованд қилиши мумкин бўлган нарсалардан бири бу …. Келинг, яхшиси буни Муқаддас Каломнинг ўзидан тинглайлик: «Агар Мени севсангизлар, амрларимга амал қилинглар. Мен Отамга мурожаат қиламан ва У то абад сизлар билан қоладиган бошқа Юпатувчини юборади. Бу Юпатувчи – Ҳақиқат Руҳидир. Дунё Уни қабул қила олмайди, чунки Уни на кўради, на билади. Сизлар эса Уни биласизлар, чунки У сизлар билан доим биргадир» (Юҳ 14:15-17). «Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, Менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади» (Юҳ 14:26). Демак, фақат Худованд бизга Муқаддас Руҳни бера олади. Худонинг Муқаддас Руҳи эса бизга ҳаётда қандай яшаш кераклигини ўргатади.
Narrator 2 Исо Масиҳ айтган сўзларни зарур пайтда ёдимизга туширади. Фақат Худованд бизнинг гуноҳларимизни очиб беради, бизни қалтис вазиятлардан огоҳлантиради. Худони таниган ва гуноҳларидан тавба қилган инсон, Худо билан яшашда давом этса, у Худонинг амрларини яхши билади. Турли хил шароитларда Муқаддас Руҳнинг бошқарувини сезади. Келинг, фақат Худованд қила олиши мумкин бўлган нарсаларни санаймиз: 1. Худованд инсонларни Ўзига олиб келади. 2) Худованд одамлар Уни қидиришига сабабчи бўлади. 3) Худованд руҳий ҳақиқатни очиб беради. 4) Худованд дунёнинг ва ҳар бир инсоннинг гуноҳини фош қилади. 5) Худованд дунёни ҳукм қилади. Мана шулар биз айтмоқчи бўлган асосий нарсалар. Худованднинг йўли тўғри ва яхши эканини билган киши Худо ҳаётини бошқаришига йўл қўйиб беради.