Narrator 1 Ассалому алайкум. Биз ўтган сафарги суҳбатимизда гуноҳкорлар ҳақида сўз юритдик. Уларнинг табиати ва ожизликларига тўхталдик. Бундай одамларга ёрдам беришдан олдин, гуноҳнинг табиатини яхшилаб ўрганиб олишимиз керак. Бошқаларнинг қилган гуноҳлари учун айблаш, ҳукм қилиш осон, аммо уларга ёрдам бериш учун имонли биродар гуноҳ, унинг табиати, оқибатлари ҳақида яхши билиши лозим. Гуноҳ муаммоси инсониятни Худованддан узоқлаштирган, ҳозир ҳам шу ишни қилаётган асосий масалалардан биридир. Кечирим ва севги фақатгина ўзини гуноҳкор деб билган инсон учунгина аҳамиятга эга нарсалардир. Шунинг учун ҳам киши ўзини гуноҳкор деб билганининг ўзиёқ қувончли, чунки у Худованд томонга қўйилган биринчи қадамдир.
Narrator 2 Исо ва гуноҳ – бу иккиси ўртасида қандай боғлиқлик бор? Исо Масиҳни ўлимга ҳукм қилишганида, У кўзларини хочга қаратди. У хизматининг бошидаёқ хочдаги ўлимни мақсад қилганди. Унинг гуноҳкорларга яқинлашиши, уларга кечирим ва севги улашиши, омма олдида Худованднинг борлигини эълон қиладиган мўъжизалар яратиши, Худованднинг ердаги кўриниши эканини исботлайдиган воқеаларни, ҳолатларни ортидан эргашганларга тақдим қилиши Унинг ердаги ҳаётига нуқта қўйиши мумкинлигини Масиҳ биларди. Тақводорлар, уламолар ва олийруҳонийлар Унинг бу ишларига узоқ чидаб тура олмаслигини ҳам биларди. Унинг мақсади эса битта – Худовандни танитиш, гуноҳкорларга хушҳабар етказиш ва ниҳоят уларнинг гуноҳини ўз бўйнига олиб хочда ўлиш.
Narrator 1 Гуноҳ – бу Худонинг сўзларига итоат қилмасликдир. Унинг иродасига қарши чиқишдир. Ҳар бир инсон Худованднинг буйруқлари нима эканини яхши билади: ўғрилик қилма, бировнинг нарсасига кўз олайтирма, Мендан бошқа худоларинг бўлмасин, алдама, зино қилма, нафратланма… ва ҳокозо. Бироқ шу амрларга асосланган бошқа кўплаб гуноҳлар ҳам бор. Уларнинг гуноҳ эканлигини ҳар бир инсон яхши тушунади. Тушунади-ю, гуноҳга қул бўлгани учун, шу ишларни қилишда давом этаверади. Оқибатда эса Худодан узоқлашади. Қалбини, кўзларини ёғ босиб, Худони унутади. Исо Масиҳ эса шундайларнинг кўзларини очиш, қалбларини тозалаш, ўзини гуноҳкор деб билган, Худога яқин инсонларга нажот бериш учун хочни кўзлади.
Narrator 2 Фақат хочдагина У ҳамманинг гуноҳи учун тўлов тўлаши мумкин эди. У бутун инсониятнинг гуноҳини ўз бўйнига олди. У кимнингдир ўғрилик қилганини, яна бировнинг алдаганлик, бошқасининг зино қилганлик гуноҳини Ўз бўйнига олиб, улар учун жазоланди. Гуноҳкорлар гуноҳларидан озод бўлсин учун, тавба қилиб Худога яқинлашсин учун ҳамманинг гуноҳини Ўз бўйнига олиб, бутун инсоният гуноҳига ҳаёти билан тўлов тўлади. Ўша пайтда У Худодан ажралган эди. Худованд Уни ташлаб қўйди. Ҳаммаси амалга ошгач эса, қайта тирилди. «Масиҳ менинг гуноҳим учун хочда ўлди», деб ишонганларга нажот бериш учун қайта тирилди.