Narrator 1 «Ўшанда ер зўравонликка тўлиб-тошган, Худонинг кўзи олдида бузилиб бораётган эди. Ердаги ҳар бир башар ўз йўлини бузиб, ер разиллашиб бораётганини Худо кўрди-да, Нуҳга хитоб қилиб деди: — Мен уларни ер билан бирга йўқ қиламан. … Сен эса ўзингга шамшод ёғочидан кема ясагин…» (Ибт 6:11,14). Ассалому алайкум. Нуҳ ҳақидаги ҳикоя шундай бошланади. Бу чиндан ҳам содир бўлган инсоният тарихидаги энг аянчли ва умидли воқеа бўлган. Инсоният шундай тубанлашиб кетган эдики, Худованд уларга қараб, ерни ва инсонни яратганидан афсусланди. Аммо шундайлар орасида бир инсонни кўрди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Бироқ Нуҳ Худованднинг илтифотига сазовор бўлган эди.» (Ибт 6:8)
Narrator 2 Нуҳда Худованд ундан мамнун бўладиган нима бор эди? Унинг ўша пайтдаги одамлардан ёки бугунги одамлардан фарқи нима эди? Келинг, унинг ҳаёти ва қилган ишларини бирма-бир кўриб чиқамиз. Худованд Нуҳга шамшод дарахти ёғочидан кема ясагин. Мен сени ва оилангни омон сақлайман. Қолганларни эса ер билан бирга тўфонда ҳалок қиламан, деганида учта муаммо бор эди. Биринчиси, Нуҳ ҳеч қачон ёмғирни кўрмаган эди. Аммо Худонинг айтишича, У осмондан ёмғир ёғдириб, тўфон пайдо қилмоқчи. Иккинчиси, Нуҳ яшаган жойга энг яқин океан ҳам минглаб километр нарида. Учинчиси эса, Худованд айтганидай ҳайвонларни йиғиб келтириш. Бу ақлга сиғмайдиган буйруққа ўхшайди. Ҳайвонларни қандай йиғиб келтириш мумкин?
Narrator 1 Ҳайвонлар ўша пайтда ҳам ҳозиргидай бўлган. Улар инсониятга тутқич беришни истамайди. Бироқ Нуҳ Худованднинг буйруғидан нолимади ёки Унинг айтганларини бажармаслик учун турли ҳил баҳоналарни қалаштириб ташламади. У Худованднинг айтганларига тўлиқ ишонди ва Худовандни мамнун қилди. У Худовандга бутунлай ишонарди. У шундай ўйларди: «Худованд ҳаётим учун нима яхши бўлишини билади. У шундай деяптими, демак бунинг иложи бор. Буни қила оламан ва Худованд ҳам менга ёрдам беради». У Худованднинг айтганларини қабул қилди. Худованд шундай дедими, демак шундай бўлади, дея тўлиқ ишонди ҳамда Худованд Ўз ваъдасини бажаришини, унга ёрдам беришини ва Нуҳ учун иложсиз бўлган нарсани амалга оширишини кутди.
Narrator 2 Нуҳ Худога қаттиқ ишонарди. Кемани қуришга 120 йил кетган бўлса ҳам, атрофдагилар шу йиллар давомида қилаётган иши аҳмоқлик эканини қайта-қайта айтган бўлса ҳам, бу ишни қилишига юзлаб тўсқинликлар пайдо бўлган бўлса ҳам, кемани қуришда давом этди ва битказди. Дунёда ҳеч ким Худовандга ишонмай қўйганида ҳам Нуҳ Худовандга ишонишда, Унга ҳамду-сано айтишда давом этди. Замондошлари Нуҳни ва оиласини аҳмоққа чиқаришиб, бемаза латифаларининг қаҳрамони қилган бўлса ҳам, Нуҳ Худога ишонишдан тўхтамади. Худованд биздан ҳам шуни кутади. Ҳеч нарсага қарамай, Унга чин дилдан ишонишимизни, Унга тўлиқ итоат қилишимизни ва ҳаммадан кўпроқ Уни севишимизни истайди.