Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Ҳар бир шаҳар аҳолиси ўзининг ўзгача маданияти, шеваси ва яшаш тарзи билан бошқасидан фарқ қилади. Мен шундай ўйлайман, ҳар бир шаҳар аҳолисининг бошқа шаҳарликлардан фарқ қиладиган ўз характери бўлади. Бугун сўзлашмоқчи бўлган вилоят аҳолиси, бир пайтлар мавжуд бўлган, ҳозир унинг ўрнида бошқа бир шаҳар қад ростлаган. Бу Самария вилояти эди. Самария Исроилнинг ўрта қисмидан жойлашган вилоят бўлиб, аҳолиси баъзи Канъон элатлари билан аралашгани учун яҳудийлар уларни соф яҳудий эмас, деб хўрлаганлар. Шу сабабдан яҳудийлар билан самарияликлар салом-алик қилишмас, ҳатто ерларидан ҳам ўтишмас эди. Бу жуда қизиқ ҳолат. Ўз қавмидан бўлган кишиларни ажратиб қўйса-я?! Хўш, Канъонликлар билан аралашган бўлса нима бўлибди?
Narrator 2 Йўқ. Аслида Исроил халқи Худо ваъда қилган ерга киргач, Худованд уларни ўша ерлик аҳолининг қизларига уйланмасликни ва ўзлари ҳам уларга қиз бермасликни қаттиқ тайинлаган эди. Чунки уларнинг ўша ер аҳолиси билан аралашиб кетиши, Худони унутишларига сабаб бўларди. Канъон ери аҳолиси ягона ва барҳаёт Худога эмас, турли бутларга сиғинишар эди. Бироқ исроил халқи орасидан Худонинг амрига бўйсунмайдиганлар ҳам чиқди. Улар ерлик аҳоли билан аралашиб кетдилар. Шунинг учун ҳам Исроил оқсоқоллари ерлик билан аралашган кишиларни ажратиб қўйиб, сўнгра уларга Самарияликлар деб ном берган бўлса керак. Мана шунинг учун ҳам исроилликлар самарияликларни унчалик ёқтиришмас эди.
Narrator 1 Бироқ ҳозир суҳбатимиз самарияликларнинг асли ким бўлгани ҳақида эмас, уларнинг Исо Масиҳга рад жавобини берганликларида. Калом шундай дейди: «Исонинг оламдан ўтиш кунлари яқинлашаркан, У Қуддусга боришга жазм қилди. Ўзидан олдин хабарчиларни юборди. Улар Исо келишига ҳозирлик кўриш учун Самариянинг бир қишлоғига кирдилар. Лекин У Қуддусга кетаётган бир сайёҳ кўринишида бўлгани учун, самарияликлар Исони қабул қилмадилар.» (Лук 9:51-53) Самария Исроилнинг ўртасида жойлашган вилоят, улар Исо Масиҳ ҳақида эшитмаган бўлишлари мумкин эмас. Бундан олдинроқми ёки кейин, Исо Масиҳ ўнта моҳовни шифолаган ва фақат улардан биргинаси Масиҳга раҳмат айтиш учун қайтган эди. Шу раҳмат айтиш учун қайтган одам Самариялик эди.
Narrator 2 Самарияликлар Исога қарши бўлган инсонлар эмасди, бироқ Исонинг умри охирлаб қолганида негадир Уни ўз ерларига киритишга рухсат бермадилар. Нега шундай бўлди? Каломда ёзилишича, «У Қуддусга кетаётган бир сайёҳ кўринишида бўлгани учун…» самарияликлар Исо Масиҳни танимаганлар. Бу жуда ачинарли ҳолат. Исо Масиҳни танимаслик жуда ёмон. Бу Масиҳ учун эмас, танимаган инсон учун ачинарли. Каломда баъзилар Исо Масиҳни танимаганлари ҳақида ёзилган. Масалан, Исо Масиҳ ўлиб тирилганидан кейин Унинг икки шогирди Ерихога кетаётганларида, уларга ҳамроҳ бўлган Раббийни танимадилар. Самарияликларнинг ҳам ўшанда кўзларини ғафлат босган бўлса ажаб эмас. Бу сиз-у, биз учун сабоқ бўлсин деб ёзилган. У сизга гапирганида Унинг овозини таниб олишга ҳаракат қилинг.