MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Баъзи йигит — қизлар оила масъулиятини тушунадилар ва ўзларини оилага тайёрлай бошлайдилар. Йигитлар оила бошлиғи бўлишларини, бу билан оила аъзоларини боқишлари, парвариш қилишлари кераклигини фаҳмлаб, бирор касбни ўрганадилар, оилалари билан қаерда яшашни режалаштирадилар. Қизлар эса оила бошқариш сирларини ўргана бошлайдилар. Бошқа йигит- қизлар эса шунчаки тўй кунини кутадилар. Кейин эса қаерда яшаш, қандай боқиш, оилани қандай бошқариш соҳаси куннинг долзарб масаласига айланганида ҳаёт кемалари синади. Нима учун? Нега, иккала мисол қахрамонлари ҳам кемага бирдек минган ва оила қуриш бахтига муяссар бўлган эдиларку? Оилада бахтли ва бахтсиз ҳолатлар бўлгани аниқ.

Narrator 2 Лекин иккаловлари иккита бошқа – бошқа қирғоққа чиқдилар? Сабаб битта: Масъулиятни ҳис қилмаслик, тайёргарлик кўрмаслик. Худо билан учрашувда ҳам худди шундай. Баъзи одамлар улғайсалар-да аслида болаларча дунёқараш билан қоладилар. Улар доим ҳамма нарсанинг уларга текин берилишини ёқтирадилар, лекин ўзлари беришни ёқтирмайдилар. Худо ҳам улар учун Хумо қушидек, ушлаб олсанг бас! Қулдек тилагингни бажариб юраверди. Аслида эса, Худо Шахс! Шахс сифатида сизнинг ўйларингиз, ниятларингиз борми, Худоники ҳам бор! Шахс сифатида Худо сиз учун нималардир қилишини истайсизми, У ҳам сизнинг У учун нималардир қилишингизни истайди! Худонинг ўзи учун нималар қилганини яхши англаган имонли Худо учун нимадир қилишни чин дилдан истайди.

Narrator 1 Сиз Худонинг сизга содиқ ҳамкор бўлишини истайсизми, Худо ҳам сизнинг Унга содиқ бўлишингизни истайди! Сиз Худо сизни ҳурмат қилишини, севишини истайсизми, У ҳам сизнинг Уни ҳурмат қилишингизни, Уни севишингизни истайди! Сиз Худо сизга ишонишини истайсизми, У ҳам сизнинг Унга ишонишингизни истайди. Сиз Худони шахсан таниб-билишни истайсизми, Худо ҳам Ўзини очиши эвазига сизнинг юрагингиз У учун очиқ бўлишини истайди! Агар Худонинг Шахс эканини тан олиб, Уни таниб-билишга қарор ҳилган бўлсангиз, сиз учун хушхабар: Худо сизга Уни таниб-билиш йўлини очади! Сиз бу йўлда охиригача боришни қарор қилсангиз, энг нодир чиптани қўлга киритган бўласиз. Худони билиш бу Худони ҳамма нарсани муҳайё қиладиган жин деб қабул қилишдан анча аълороқ.

Narrator 2 Чунки бу йўлнинг сўнгги манзили – Худонинг Шоҳлигидир! Абадий ҳаёт эса Сени – танҳо ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир. Юҳ.17:3. Худони таниб-билиш учун аввало Уни излаш керак. Уни ҳамма жойдан, Каломдан, ҳаётингиздан, воқеалар ичидан қидириш керак. Ҳаворийлардан бири Яҳудо Исога деди: “Раббим, бу қанақаси, Сен Ўзингни дунёга эмас, бизга кўрсатмоқчисан?” Исо унга шундай жавоб берди: “Ким Мени севса, Менинг сўзимга амал қилади. Отам ҳам уни севади. Биз унинг ҳузурига келиб, Ўзимизга маскан яратамиз. Мени севмаган киши амал қилмайди. Сизлар тинглаётган сўз Меники эмас, балки Мени юборган Отамникидир.” Худони чиндан севган инсон Унинг амрларига қарши чиқмасдан, қийинчиликларга қарамай, Худога хизмат қилади. Ўз истакларига қарши тура олади. Чунки, У Худони чиндан севади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top