Narrator 1 Ассалому алайкум ғамхўр ота-оналар. Ота-она фарзанд тарбияси билан шуғулланар экан, уларга боғлиқ ҳамма нарса ота-она учун жуда муҳим ҳисобланади. Баъзи оналар фарзандининг дўстлари кўплигидан ва уларни ҳар куни уйига бошлаб келаверишидан зерикишса, бошқалари фарзандининг ёлғизлигидан ҳавотирга тушишади. Нима учун айрим болалар тенгқурлари билан чиқиша олмайди? Бунинг бир нечта сабаблари бор. Энг биринчиси табиий нуқсон бўлиши мумкин. Синфдаги ёқимтой машҳур болалардан кўра юзида чандиғи бор ёки семизлигидан уялувчи ёки оқсоқланиб юрадиган болаларнинг устидан кўпроқ кулишади ёки уриб қочишади. Болангизнинг дўсти бўлмаса, бу муаммо. Агар дўсти бўлсаю, улар ота-онага ёқмаса бу ҳам – катта муаммо.
Narrator 2 Аслида дўстлашиш 4 ёшдан бошланади. Уйдан кўра тенгқурлари билан ўйнаш қизиқарлироқдир. Бу ёшдаги дўстлашув кўп ҳолларда умрбоқий бўлмайди. 12-16 ёшларда фақат ота-она билан эмас, балки бирор бир соҳада фаол бўлганлар билан дўстлашиш кучаяди. Ўз тенгқурларининг фикрлари тўғри бўлиб кўринади. Бу эса ота-оналарга ёқмаслиги мумкин. Психологлар қаттий ишонч билан «уйда ўтирган боладан кўра дўстлашиб, олам ҳақида ўз фикрига эга бўлган болалар келажакда катта натижаларга эришиши мумкин» деб ҳисоблашади. «Ҳамма ўйнаяпти, мени эса қўшишмайди» деган фикр 6-8 ёшли ва ундан каттароқ болаларда ўзига бўлган ишончнинг йўқолишига сабаб бўлади.
Narrator 1 Қандай қилсангиз, болангиз «ёмон» болаларга қўшилиб, нохуш вазиятларни келтириб чиқармайди. Фарзандингизнинг дўстлари самимийлигига шубҳангиз борми, унда буни фарзандингизга тўғри тушунтиришга ҳаракат қилинг. Фақат буни «Ўртоғинг худбин, наҳот сезмаяпсан» деб эмас, аксинча «дўстларингнинг сенга самимийлиги ва содиқлигини синаб кўр» каби саволларингиз уни кўпроқ ўйлантиради. Унинг дўстлари ҳар доим шубҳали вазиятларга тушиб туради ва бу сизнинг болангизга ҳам таъсир кучини кўрсатади, яъни болангизнинг баҳоналари кўпайиб боради. Шундай бўлса зудлик билан фарзандингизни олдингизга чақириб у билан дилдан ва дўстона суҳбат қуринг. Бундай пайтларда дўстлар ҳақидаги ҳаётий воқеалардан сўзлаб беришингиз ҳам мумкин.
Narrator 2 Баъзи ҳолларда ота-оналар дўстлар орасидаги келишмовчилик ёки жанжалларга аралашиш керак эмас. Агар фарзандингиз ва дўстлари кийими, соч турмаги ва кийиниш услуби асносида келишмовчиликка борган бўлса, аралашманг. Эслаб кўринг, бу ёшда сиз ҳам ота-онангиз ёқтирмаган кийимни кийишга ҳаракат қилгансиз. Суқрот айтганидек, «бу ҳам ўтади». Сабрли бўлинг. Фарзандларингиз дўстларининг ота-онаси касбини муҳокама қилманг. Энг муҳими, фарзандларингизнинг дўстлари билан яхши муносабатлари ҳамда дўслашишларидир. Ëлғизлик ҳеч кимга ёқмайди. Бола бундай вазиятларга тушиб қолмаслиги учун ота-оналар ниҳоятда эътиборли бўлиши керак. Аввало бола қандай ёшда бўлишидан қатъий назар ота-она вақт топиб, боланинг куни қандай ўтганини, дўстлари, қизиқишлари ҳақида суҳбатлашиб уни руҳлантириб туриши керак.