3:11

Гулларга зарур бўлган омиллар

MP3

Ассалому алайкум бетакрор аёллар. Бугун ҳам уй ўсимликлари ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Уйда ўстирадиган гулимиз учун ёруғлик, ҳаво ва температура зарур. Қишда ўсимликлар асосан дам олади, бинобарин уларнинг тоза ҳавога талаби у қадар катта бўлмайди. Лекин шунга қарамай, уйни шамоллатиб туриш керак. Баҳорда ўсимликлар ўса бошлагандан кейин, уларнинг тоза ҳавога бўлган талаби кучаяди. Шу боисдан бу вақтда уйни тез-тез шамоллатиб туриш керак. Ҳавога никотин моддаси ва бошқа дорилар озгина аралашса, ўсимликлар ёшлигиданоқ шундай шароитда ўсган бўлса, бу ҳол уларга сезиларли даражада таъсир қилмайди. Баҳор кириши билан, совуқ тушиш ҳавфи бўлмаганда, ҳамма ўсимликларни очиқ жойга яъни айвон ва боғларга олиб чиқиб қўйиш керак. Офтоб урмаслиги учун дастлаб улар қисман сояланган жойларда сақланади. Ҳар хил турли уй ўсимликларининг соғлом ўсиши ва ривожланишини таъминлаш учун турлича температура талаб қилинади. Уй ичида ҳаво температурасининг қишда қандай бўлиши ғоятда муҳим аҳамиятга эга.

Кўпчилик ўсимликлар қишда температуранинг салқинроқ бўлишини ёқтиради. Қишда ўсимликларни ёруғлик кўпроқ тушадиган жойга, ойна яқинига қўйиш керак. Уй ичида ҳаво температураси юқори 20-25 атрофида бўлса, ўсимликлар дам олмасдан барвақт сўлғин ва заиф ўса бошлайди. Умуман қишда гуллайдиган ўсимликлар ўсадиган хонада температура 8-10 градусдан ошмаслиги керак. Ўсимиликнинг яхши ривожланиши учун намлик ҳам жуда зарур. Уй ўсимликлари одатда ичимлик сув билан суғорилади. Шу мақсадда тиндирилган қудуқ суви ёки ёмғир сувидан фойдаланиш айниқса яхши. Ўсимликлар водопровод суви билан суғориладиган бўлса, у 1-2 кунгача тиндирилиши керак, чунки водопровод сувига аралаштирилган хлор моддаси ўсимликларга салбий таъсир кўрсатади. Ўсимликларни ҳаддан ташқари совуқ сув билан суғориш ярамайди. Уйда туриб бир мунча илиган сув билан суғориш тавсия этилади.

Қишда ўсимликларни икки уч кун оралатиб, эрта баҳорда анча тез-тез, ёзда ҳаво қаттиқ исиганда эса ҳар куни, ҳатто бир кунда икки марта қондириб суғорилади. Гуллар ўртача нормада, шунингдек сийракроқ суғорилганида ҳам ҳар куни суғориб турилганда ҳам тувакдаги тупроқ тагигача намиқиши керак. Тувакча тагидаги идишга сизиб ўтган сувни тўкиш ярамайди, чунки унга ўсимликлар учун керакли моддалар аралашган бўлади. Ўсимлик идишдаги сувни кейинчалик яна шимиб олади.ТУвакчаларга сув қуйишда эҳтиёт бўлиш, тупроқ бетининг ювилиб кетмаслигига йўл қўймаслик керак. Ҳавода нам етишмаганда ўсимликларга сув пуркалиб, барг ва новдалар ювилади. Бу тадбир айни вақтда ўсимликни чанг ва ҳашоратлардан тозалаш имконини беради. Азизлар кейинги сафар ҳам суҳбатимиз гуллар учун тупроқларнинг тури ҳақида бўлади. СУҳбатларимизни ўтказиб юборманг. Мен Лола сизларга ҳотиржамлик ва хушнудлик тилаб ҳайрлашаман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top