3:23

Синган шиша парчаларидаги қуёш нури

MP3

Ассалому алайкум. Қадрдонлар мен Лола яна ҳузурингиздаман. Агар эътибор қилган бўлсангиз, ҳеч нарса баҳорда қийғос очилган олма гулларига тенглаша олмайди. Ҳар бир шоҳни қоплаган оқ ва пушти ранг гуллар кишининг кайфиятини кўтаради. Киши ҳаёларини тетиклаштиради. Муқаддас Каломдан жой олган Рут ҳикоясини биласизми? Унда шундай сўзлар бор: «Сен паноҳ излаб қанотлари остида келган Худованд сенинг хизматингни тақдирлайди» Рут Мўаблик эди. Исроиллик бир оила Мўабга кўчиб келди. У ерда оиланинг икки ўғли икки мўаблик қизларга уйландилар. Ўша келинлардан бири Рут эди. У турмушга чиққанидан кейин ҳаёти унчалик яхши бўлмаган, ҳар ҳолда ҳикоядан шундай фикрга келиш мумкин. У эри билан қанча вақт яшагани маълум эмас, бироқ, кўп ўтмай эридан ажралиб қолди. Фарзанди ҳам йўқ эди. Кейин эса қайноғаси ва қайнотаси ҳам вафот этди. Шу ҳолатда улар қанча яшагани бизга маълум эмас.

Энди фақат келинлар-у, қайнона қолган эди. Қайнона эса бегона юртда қолгиси келмай, ўз юртига кетишга қарор қилди. Келинларига ота-онасиникига кетишга рухсат берди. Катта келин кетди, бироқ Рут қайнонасининг бир ўзини юборгиси келмай, унга эргашди. У қайнонасига: «Сиз қаерга борсангиз мен ҳам ўша ерга бораман. Сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман. Мени сиздан фақат ўлим ажрата олади.» Мўабликлар бутга сиғинар, Исроиллик оила эса ягона Худога ишонарди. Рут ҳам ўша Худонинг қанотлари остида ўзи билмаган юртга келди. Ўша Худодан паноҳ сўради. Бегона юртда ҳам итоатли бўлиб юрди. Худонинг назарида ёмон ишлар қилмади. Унинг хизматларини Худованд муносиб тақдирлади.

Уни Худо Боз деган киши билан учраштирди. Улар турмуш қурдилар ва Обид исмли ўғил кўрдилар. Рут тариҳда ким бўлганини биласизми? У шоҳ ва пайғамбар Довуднинг катта бувиси бўлган. У Худога итоат қилиб, солиҳ ҳаёт кечиргани учун Худованд уни муносиб тақдирлади. Ундан пайғамбар Довуд келиб чиқди. Бир куни ётоққа кирдим. Болалар шўхлик қилиб дераза ойнасини синдиришибди. Полда деразадан тушган ойна синиқлари ётарди. Жуда асабийлашдим. Аммо яхшилаб қарасам, деразадан кираётган қуёш нури шиша синиқларига тушиб, турли хил рангларда, ҳар томонга нур сочаётган эди. Худди камалак рангларига ўхшарди.

Оддий шишага тушган қуёш нури бунчалик чиройли нур таратмайди. Шу кичик кўриниш хафачилигимни тарқатиб юборди. Юқорида айтганимиздек Рутнинг ҳаёти каби бизнинг ҳаётимизда ҳам яхши кунлардан кўра ёмонлари кўп бўлиши мумкин. Дилимизни вайрон қиладиган кунлар ва ҳолатлар бўлади. Бироқ, дилингизни вайрон қилган ҳолат ҳам сизнинг фойдангизга хизмат қилиши мумкин. Балки бу ҳолат сизни яна ҳам эҳтиёткорроқ ва бошқаларга нисбатан меҳрибонроқ бўлишингизга сабаб бўлар. Бироқ, вайрон бўлган дилингизга Худонинг нури тушгач, у турли рангларда жилоланади. Ҳаётга бўлган умидингиз кўпаяди. Қалби вайрон бўлган кишилар ҳолатини тушунасиз, уларга ҳамдард бўла оласиз. Сизнинг ҳамдардлигингиз эса худди шундай кишилар қалбига суртилган хушбўй мой каби ёқимли бўлади. Ҳаётда яшашдан мақсад, фақат пул ва обрў орттириш эмас, инсонларга фойдали бўлишдир. Сизчи азиз тингловчи ҳаётда қандай аёл бўлишни истайсиз?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top