3:34

Болаларнинг ўсишига ёрдам 253

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Марҳамат, тингланг. Азиз ота- оналар, ҳеч биримизга сир эмас, кўпинча фарзандларимизга тўғри тарбия беришда биз катталар ҳам унча-мунча хатоларга йўл қўямиз. Биз ўйлаймизки, мен боламга тўғри тарбия беряпман деб, аслида эса болага бошқа нарсаларни ҳам ўргатаётган бўлишимиз мумкин экан. “Қандай қилиб?” деган савол туғилиши аниқ. Азизлар, ҳозир ҳаётда учраб турадиган бир мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан. Айтайлик, кечқурун фарзандингизни соат тўққизда ухлаш учун ётқизишга ўргатмоқчисиз. Бошида фарзандингиз ётишга ҳаракат қилди.

Орадан кунлар ўтиб фарзандингиз нимадир ўйнаб ўтирганини кўрасиз-да, болангизни исмини айтиб: “Cоат тўққиз бўлди, сан ҳалиям ўйнаб ўтирибсан, тез бўл, бориб жойинга ёт”- деб айтасиз. Ваҳоланки, соат энди саккиздан қирқ беш минут ўтган бўлиши мумкин. Бир оздан кейин болангизни ҳали ҳам ўйнаб ўтирганини кўрасизда, овозингизни баландлатиб, балки бақириб болани мажбурлаб ётқизасиз. Бу жойда қандай хатога йўл қўйилганини кўришимиз мумкин? Биринчидан, соат ҳали тўққиз бўлмаган эди. Иккинчидан, болага бақирмасдан тинчлик билан тушунтирилмади. Мана азиз биродарлар, бола қаердан бақиришни ва қўполликни ўрганиб боради. Балки соатни фарқлайдиган бўлса, нима учун ота-онам ваҳима қилиб ёлғон гапиряпти, ҳали соат тўққиз бўлмаптику, демак, ота-онам мени алдаяпти деган тушунча ҳам унинг фикрида пайдо бўлиши мумкин.

Шунинг учун азизлар, болага гапирганда ҳеч нарсани бўрттирмай, қандай бўлса шундайлигича гапирган яхши, деб ўйлайман. Бола бориб-бориб сизнинг бақир- чақирингизга ҳеч қандай эътибор бермайдиган бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Тўғрисини айтганимизда, кўпинча ўзимиз ҳам шунга жуда ўхшайдиган шароитда тарбия топганмиз. Ота-онамиз камдан кам бизларни мақтаб, эркалаб ёки рағбатлантирган. Балки шунинг оқибатида биз ҳам болаларимизга шундай тарбия беришга ўрганиб қолгандирмиз. Азиз биродарлар, Муқаддас Каломда айтиладики, биз энди янги инсонмиз, эски ҳолатлар ўтиб кетди. Ҳа, азиз биродарлар, биз Раббимиз Исо Масиҳга умид боғлаб янги ҳаётга эга бўлдик. Шунинг учун ҳам бизнинг юриш-туришимизда ва бошқаларга айниқса ўз фарзандларимизга бўлган муносабатимиз тубдан ўзгариши лозим.

Албатта кўп нарсаларни ўзгартириш анча мушкул бўлади. Лекин ўзимиз ҳаракат қилиб биринчи қадамни ташламасак, фарзандларимиз ҳам худди биздек бўлиши аниқ. Барча нотўғри ишлар ва нотўғри олган тарбияларимиз учун Худованддан кечирим олиб, бизга янги тарбия усулларини тезроқ ўргатишини Ундан сўрайлик. Азизлар, Муқаддас Каломдан кўпроқ ўқиб, Раббимиз Исо Масиҳдан ўрнак олайлик. Исо Масиҳнинг ҳаётдаги бошқаларга бўлган муносабати бизга кўп нарсани ўргатади. Худованд меҳрибон, У барчамизни Ўзига керакли инсон бўлишимизни жуда хоҳлайди. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Мактубларингизни кутиб қоламиз. Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top