Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Марҳамат, тинглаб дам олинг, “Дилкаш” радиоси сизнинг хизматингизда. Азиз биродарлар, эшиттиришимизнинг бошида сизларга бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Яъни шайтоннинг асосий нишони ким? Албатта ушбу саволимизга турли жавобларни эшитишимиз мумкин. Кимдир масиҳий биродарлар деса, яна бошқа биров бутун инсоният, деб айтади. Мен эса азизлар, ушбу саволга шундай жавоб берган бўлар эдим. Шайтоннинг асосий нишони бу Раббимиз Исо Масиҳдир. Сабаб, фақатгина У бутун инсониятга нажот ва абадий ҳаёт сари йўлни кўрсатувчидир.
Менимча, кўпчилигимиз врачларга ишимиз тушганидан хабардормиз. Бирор-бир касалликка аниқ ташхис қўйиш учун врачлар касалликнинг тарихини излай бошлашади, яъни сабабларини. Сабаби топилгач эса, биринчи галда касалликни келтириб чиқарадиган омилларни йўқ қилишдан ўзларини ишларини бошлашади. Худди шу каби шайтон ҳам инсонларни ўзининг домига торта олиши учун ишни Масиҳдан бошлашга ҳаракат қилади. Азиз биродарлар, ҳозир биз биргаликда Муқаддас Каломга мурожаат қилиб, Ибронийларга мактубининг 2 боби 14 ва 15 оятларидан ўқиб кўрамиз: “Болалар эт ва қондан иборат бўлганлари учун, Исо ўзи ҳам уларга тенглашиб, худди шундай вужудга эга бўлди, токи ўлим билан дахшат сочувчи иблисни Ўз ўлими орқали йўқ қилсин ва умр бўйи ўлим қўрқувига қул бўлган одамзод болаларини озод қилсин”.
Азиз биродарлар, барчамизга Муқаддас Каломнинг Хушхабар мактублари орқали яхши таниш. Шайтон, ёдингизда бўлса, Масиҳ ҳали дунёга келмай туриб Уни йўқ қилиш пайига тушиб қолган эди. Нима учун? Чунки шайтон ҳеч қачон истамаган эди Раббимиз Исо Масиҳ орқали одамзод нажотга эришишини. Масиҳнинг эса шунчалик ғалаба қилишини ва омадга эришишини шайтон нафақат ўша пайитда, балки ҳозир ҳам асло истамайди. Ҳозирги кунда Раббимиз Исо Масиҳнинг ажойиб хизматчилари орқали кўплаб жамоатлар ва уй жамоатлари ташкил бўлмоқда. Нима деб ўйлайсиз, азиз биродарлар, бундай ютуқлар ўз ўзидан бўляптими? Асло. Бундай ютуқларга эришишимизнинг сабаби Раббимизнинг хочдаги ўлими. У мен учун, сиз учун Ўзини шундай азобларга топширди.
Шох Хирод томонидан берилган фармон ёдингизда бўлса керак. У айтган эди Чақалоқни топиб ўлдирилишини. Азизлар, бу шайтоннинг биринчи уриниши эди. Албатта, Худованд Исо Масиҳни ҳимоя қила олди ва шайтоннинг барча уринишлари ҳозиргача зое кетмоқда. Шайтон ҳозирги кунда масиҳий инсонларга қарата ҳам ўзининг найзасини отмоқда. Худованд эса барча масиҳий биродарларнинг қалқонидир. Азизлар, ёдингизда бўлсин: шайтон доимо Масиҳга ва Унинг издошларига қаршилик кўрсатиб келади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини ёдингизга солиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Вақт топиб, ушбу сайтимизга марҳамат қиласиз деган умиддамиз. Ҳозирча хайр, саломат бўлинг азиз тингловчилар.